24.04.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси томонидан, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши стипендияси” танловининг биринчи босқичи яқинда тармоқ тизимидаги Тошкент кимё-технология институтида бўлиб ўтди.
Танлов Республика кенгаши томонидан 2023–2024 ўқув йилида таъсис этилган бўлиб, жорий 2024–2025 ўқув йилида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда.
Танловдан кўзланган мақсад — Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ёшларнинг фаоллигини ошириш, Республика кенгашининг “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ, тармоқ тизимидаги ёшларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, “Устоз-шогирд” анъанасини муносиб давом эттириш, касаба уюшмалари кадрлар захирасини шакллантириш, кимё соҳасида тадқиқот олиб бораётган, юқори баҳоларга ўқиётган ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган талабаларни аниқлаш ва рағбатлантиришдир.
Танловда Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шавкат Тоиров иштирок этди. У ўз нутқида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан амалга оширилаётган тадбирлар, шунингдек тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. “Республика кенгаши стипендияси” танловининг мақсад ва аҳамияти ҳақида талабаларга яна бир бор маълумот бериб, уларни касаба уюшмаси ҳаётида фаол бўлишга чорлади ва бу йўналишда доимо ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.
Танлов Низомига кўра, номзодлар бир қатор талаблар асосида баҳоланди. Танлов комиссияси аъзолари — Тошкент кимё-технология институти профессорлари Гаппар Рахмонбердиев ва Шавкат Нуриллаев, ҳамда институт касаба уюшмаси қўмитаси раиси Абдуссатор Абдурахмонов иштирокчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва суҳбат якунлари асосида баҳоладилар.
Танлов натижасида ғолиб деб топилган номзодлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан ташкил этиладиган ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.
Ш. Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси