30.04.2025. Андижон вилоятида 2025 йил 28 апрелдан 3 майгача “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги” юқори ташкилий даражада ўтказилмоқда.
29 апрель куни Андижон Давлат университетида мазкур ҳафталик доирасида йирик тадбирлардан бири — “Меҳнат муҳофазасининг янги босқичи: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда 320 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, меҳнат муҳофазаси муҳандислари, ишчи-ходимлар ва талабалар иштирок этдилар.
Тадбир доирасида иштирокчилар соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғиботи йўналишида ташкил этилган 50 дан зиёд соҳаларга оид кўргазмалар билан танишдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси А. Егамбердиев, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бош давлат меҳнат техник инспектори А. Чалабоев, шунингдек Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси меҳнат гигиенаси бўлими мудири Р. Жаббарова маърузалари билан иштирок этди.
Тадбир давомида “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан Республика кўрик-танлови”нинг биринчи босқичи ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Хусусан:
-
“Андижонсувтаъминоти” АЖ — “Энг яхши ташкилот” номинациясида,
-
Пахтаобод тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси — “Энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили” номинациясида,
-
Бўстон тумани политехникуми — “Энг яхши касаба уюшма ташкилоти” номинациясида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Университет талабалари томонидан меҳнат муҳофазасига бағишланган расмлар танлови ҳам ташкил этилди. Ғолиблар ҳамда тадбирни амалга оширишда иштирок этган ҳамкор ташкилотлар вакиллари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида маданият ходимлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотди.