[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

30.04.2025. Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шу жумладан, спортнинг шахмат турини оммалаштириш ва ривожлантириш, спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига юксак эътибор қаратилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда тарихий ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз довруғини дунёга янада кенгроқ ёймоқдалар. Хусусан, Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва Ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, бу орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш йўналишларида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Республикамизда спортнинг шахмат турини оммалаштириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациси тизимидаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси қошида “Шахмат мактаби” ташкил этилди,  меҳнат жамоаларида  шахмат клублари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, турли меҳнат жамоларида шахмат мусобақаларини ташкил этиш юзасидан “календар режа” тасдиқланиб, ҳаваскор шахматчилар ўртасида шахмат мусобақалариини ўтказиш тизими йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, спортнинг шахмат тури бўйича “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” учун ташкил этилган Республика мусобақалари мазкур йўналишдаги ишларининг узвий давоми бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон шахмат Федерацияси иштирокида ташкил этилган мазкур шахмат мусобақаси 3 босқичда ўтказилди ва Янги Ўзбекистонда меҳнаткашлар ҳамда ёшларнинг шахмат бўйича қобилиятини намоён қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берди.

Халқаро шахмат Федерацияси “ФИДЕ”нинг амалдаги қоидаларига мувофиқ ўтказилган мусобақаларнинг биринчи ва иккинчи босқичлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 12 мингдан ортиқ корхона, ташкилот  ва муассасаларда фаолият олиб бораётган 85 минг нафардан ортиқ меҳнаткашларни қамраб олди. Қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган ҳаваскор шахматчилардан 56 нафари мусобақанинг Республика босқичига йўлланма олдилар.

Мусобақаларнинг Республика босқичи иштирокчилари бўлган турли соҳалар эгалари касаба уюшмалари томонидан пойтахтимизла илиқ кутиб олиниб, замонавий қулайликларга эга бўлган “Чинобод плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Бу ерда уларнинг дам олиб, мусобақаларга юксак даражада тайёргарлик кўришлари учун барча зарур шарт-шароитлар ва қулайликлар яратиб берилди.

Шахмат доскаси устидаги баҳсларнинг финал босқичи беллашувлари муҳташам масканлардан бири бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида бўлиб ўтди. Мазкур саройда мусобақаларнинг юқори савияда ўтиши учун юксак тайёргарлик кўрилгани, профессионал даражадаги қулайлик ва шароитлар яратилгани муҳим ўйинлар олдидан ҳаваскор шахматчилар кайфиятини янада кўтарди.

Мусобақаларнинг дастлабки куни 28 нафар аёл ва 28 нафар эркак – ҳаваскор шахматчилар швейцарча усулда ўзаро куч синашдилар. Шу таҳлит мусобақларнинг биринчи куни иштирокчилар 1-турдан 6-тургача бўлган баҳсларда, иккинчи кунги беллашувларда эса 7-турдан 9-тургача бўлган мусобақаларда рапид йўналишида ақлий салоҳиятларини намоён этдилар. Ўзига хос комбинацияларга бой бўлган ҳар бир баҳс юртдошларимизнинг шахмат соҳасида катта салоҳиятга эга эканликларини кўрсатди.

Ниҳоят нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан мусобақанинг Республика босқичи ғолиблари тўплаган очколари сонига қараб аниқланди.

Тантанали равишда ташкил этилган тақдирлаш маросимида мусобақанинг 56 нафар Республика финал босқичи иштирокчиларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан махсус диплом ва “Чинобод плаза” санаторийсида дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун бепул йўлланмалар топширилди. Шундан сўнг 3-ўринни қўлга киритган ҳаваскор шахматчиларга  30 миллион, 2-ўринни қўлга киритган иштирокчиларга 40 миллион, 1-ўрин соҳиби бўлган ғолибларга 50 миллион сўмдан пул мукофотлари ва медаллар топширилди. Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра эркак ва аёллар ўртасидаги мусобақалар якуни бўйича умумжамоа хисобида энг юқори натижа қайд этган Тошкент вилояти жамоасига “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” тақдим этилди.

Тантанали тадбир якунида иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон санъат усталари ижросидаги байрамона концерт дастури намойиш этилди.

Шунингдек, катта спорт байрамига айланган шахмат мусобақалари доирасида Республика босқичи иштирокчилари учун Тошкент шаҳри бўйлаб мароқли саёҳатлар ҳам ташкил этилди. Хусусан, ҳаваскор шахматчилар “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйдилар. Шундан сўнг “Тошкент сити” мажмуаси бўйлаб ташкил этилган саёҳатлар давомида бу масканда барпо этилган иншоотлар  ҳамда  “Toshkent city mall” билан яқиндан танишдилар.

Уч кун давом этган спорт байрами ҳар бир иштирокчи ҳаётида ўзига хос унутилмас хотираларни қолдириш билан бирга меҳнат жамоаларида шахмат ўйинини кенг тарғиб этиш, бу борада оммавийликни ошириш ҳамда ишчи ва ходимлар орасидан янги иқтидорларни юзага чиқаришга муносиб ҳисса қўшди. Олдинда эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур жараёнлар суръатини янада оширишга қаратилган яна янги ташаббус ва лойиҳалари турибти.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари