26.05.2025. 2025 йил 17–19 май кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида Халқаро Евросиё металлурглар федерацияси 2-Қурултойи ва Турк-металл касаба уюшмасининг “Ёшлар Форуми” бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирларда Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Исроилов Шоикром Шоумарович, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи Розиқов Жасур Қобил ўғли, ташкилий бўлим бошлиғи Комилов Илҳомжон Иброҳимович ҳамда “СамАвто” МЧЖ ёшлар етакчиси Маматқулов Шукурулло Боходир ўғли иштирок этдилар.
17 май куни тадбир иштирокчилари Анқара шаҳридаги Эсенбоға Термаль меҳмонхонасига жойлашишди. 18 май куни Анқара бўйлаб экскурсия уюштирилди. 19 май куни мазкур меҳмонхонада “Ёшлар Форуми” ва 2-Қурултой ўз ишини бошлади.
Форум очилишида Турк Иш Конфедерацияси раиси Эргун Аталай, Турк-металл касаба уюшмаси раиси Уйсал Алтундағ, Туркия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этиб, сўзга чиқишди.
Тадбирларда Турк-металл касаба уюшмаси аъзоси бўлган 800 нафар ёш ишчи, шунингдек, Халқаро Евросиё металлурглар Федерациясига аъзо 30 га яқин давлатдан таклиф этилган 45 нафар ёш мутахассис иштирок этди.
Қурултой доирасида меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан ҳамда турли давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар ўртасида учрашувлар ва фикр алмашинувлар бўлиб ўтди.
Шунингдек, Россия, Беларусь, Молдова, Болгария, Шимолий Кипр, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан келган ёш етакчилар билан ҳам мулоқотлар ўтказилиб, келгусида Халқаро Евросиё металл ишчилари ёшлари конференциясини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати