[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

09.06.2025. 7 июнь куни Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этдилар.

Очилиш маросимида таъкидланишича, юртимизда Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган. Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Бешта ташаббус” доирасида ижтимоий соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, айниқса ёш авлод тарбиясига алоҳида аҳамият берилаётгани қайд этилди. Янги оромгоҳнинг барпо этилиши ҳам айнан ушбу ташаббуслар ижросига хизмат қилади.

200 ўринга мўлжалланган “Сирдарё” болалар оромгоҳи меҳнаткашлар фарзандлари учун очиқ. У 10 гектардан зиёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳа учун 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани – ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этишини яққол кўрсатади.

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуслари билан соғлом ва маънан етук авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда. “Сирдарё” оромғони жаҳон стандартларига жавоб берадиган, ўзига хос ва замонавий инфратузилмага эга маскан сифатида ажралиб туради.

Бу ерда болалар нафақат мароқли дам олади ва жисмонан чиниқади, балки билим ва кўникмаларини ривожлантиради. Оромгоҳда Маданият ва маърифат маркази, бой китоб фондига эга Ахборот-ресурс маркази, тўгараклар учун махсус хоналар, амфитеатр, иситиш тизимли сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, замонавий ётоқхоналар, ошхона, ювиниш хоналари, ҳамда ота-оналар учун суҳбат айвончалари барпо этилган.

Тиббиёт мажмуаси орқали болалар саломатлиги доимий назоратда. Овқатланиш рационига эса маҳаллий табиий неъматлар ва дармондорилар асосида тайёрланган таомлар киритилган.

Жорий йилда оромгоҳ 5 навбатда фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, 1000 нафардан зиёд бола шу ерда мароқли дам олади ва саломатлигини мустаҳкамлайди.