[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

16.06.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналар тасарруфидаги “Oftobjon”, “Kimyogar”, “Yosh kimyogar” ва “Bo‘ston” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ёзги мавсумни бошлаб, болажонларни қабул қилиб олди.

Жорий йилда тармоқ тизимидаги корхоналарга тегишли барча оромгоҳларда ёзги мавсумга тайёргарлик доирасида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Болаларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилди.

Мавсум давомида болаларни соғломлаштириш ва уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида оромгоҳлар учун махсус 12 кунлик дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур доирасида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида оромгоҳнинг очилиш маросими, “Янги Ўзбекистон” ғоясини тарғиб этувчи расмлар, шеърлар ва қўшиқлар танлови, “Янги Ўзбекистонда – менинг оромгоҳим” мавзусидаги видеороликлар танлови, “Миллий спорт ўйинлари” мусобақалари, “Миллий либослар” кўргазмалари, вилоятлар миллий рақслари намойишлари, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Она табиатни асрайлик” шиори остидаги саҳна кўринишлари ва болаларни касбга йўналтирувчи “Оромгоҳ хазинаси” каби интерфаол ўйинларни ташкил этиш кўзда тутилган.

Малакали педагоглар ва тарбиячилар болалар билан доимий тарзда бирга бўлиб, машғулотлар ўтказадилар.

Ҳар бир оромгоҳда спорт майдончалари, сузиш ҳавзалари ва кутубхоналар фаолият юритмоқда ва болалар учун хизмат қилмоқда.

Шунингдек, тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган ходимларнинг фарзандларини имтиёзли равишда оромгоҳларга юбориш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жумладан, “Қўнғирод сода заводи” МЧЖ ҚК касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 30 нафар бола “Chotqol” оромгоҳига, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК касаба уюшмаси томонидан эса 20 нафар бола “Quyoshli” ва “Ugam” оромгоҳларига юборилди.