27.08.2025. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллик шонли санасини чинакам умумхалқ байрами сифатида кўтаринки кайфиятда кутиб олиш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва тармоқ тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, тармоқ тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги ва корхона ташкил топганлигининг 15 йиллиги муносабати билан туркум тадбирлар ўтказилиб, улар доирасида корхонада меҳнат қилаётган ходимларнинг фидокорона меҳнатлари муносиб эътироф этилмоқда.
Хусусан, корхона ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖ томонидан Фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, корхонада кўп йиллар меҳнат қилган ва нафақа ёшига етган фидойи ходимлар тантанали тарзда нафақага кузатилди. Уларнинг узоқ йиллар давомида олиб борган самарали фаолиятлари, садоқатлари ва тажрибалари эътироф этилди.
Байрам муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида спорт мусобақалари ҳам ўтказилиб, уларнинг ғолиблари муносиб тақдирланди. Спортнинг турли йўналишларида ўтказилган мусобақалар ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан бирга, жамоа бирлиги ва ҳамжиҳатлигини ҳам яққол намоён этди.
Бундан ташқари, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида “Деҳқонобод калий заводи” АЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида 30 нафар кам таъминланган оила фарзандлари учун суннат тўйлари ўтказиб берилди. Тўй болаларга махсус совғалар топширилди. Ушбу хайрли ишлар ота-оналар ва уларнинг фарзандлари қувончига қувонч қўшди.
Тадбирлар дастурига кўра, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган концерт дастури давомида таниқли санъаткорлар ижросида янграган куй-қўшиқлар, рақс жамоалари ва ёш истеъдодларнинг чиқишлари барчага байрамона кайфият улашди.
Ўтказилган барча байрам тадбирлари корхона меҳнат жамоаси ва меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.