[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

11.09.2025. Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 10-11 сентябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Халқаро меҳнат стандартларини илгари суришда касаба уюшмаларининг роли: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференция ишида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК), Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши мутасаддилари, 30 га яқин мамлакатдан нуфузли халқаро экспертлар ва йирик олимлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Анжуманнинг 2-куни иштирокчилар 3 та секцияга бўлинган ҳолда ишни давом эттирдилар. Хусусан, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) Умумевропа минтақавий кенгаши ижрочи котиби Антон  Леппик модераторлигидаги 1-секцияда «Бирлашмалар эркинлиги, жамоавий музокаралар, уч томонлама маслаҳатлашувлар, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, ижтимоий ҳимоя, оналикни муҳофаза қилиш», халқаро эксперт (Эстония) Харри  Талига модераторлигидаги 2-секцияда «Имкониятлар ва муомала тенглиги, меҳнат соҳасини бошқариш, инспекция, бандлик, касбий тайёргарлик, муҳожирлар ва ходимларнинг айрим тоифалари меҳнати», Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс  Гловацкас модераторлигидаги 3-секцияда «Иш ҳақи, иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси» масалалари муҳокама этилди.

Шундан сўнг иккинчи ялпи мажлис давомида секциялар иши якунлари ва Халқаро конференция Тавсиялари лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Албания, Арманистон, Болгария, Бразилия, Грузия, Жанубий Африка Республикаси, Замбия, Корея, Кения, Латвия, Литва, Монголия, Молдова, Нигерия, Озарбайжон, Сомали, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт каби ҳорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари иштирок этган нуфузли халқаро конференцияда меҳнат соҳасининг келажаги, унинг ижтимоий адолат, тенглик ва иштирок этиш тамойилларига асосланган ҳолда шаклланиши, касаба уюшмаларининг халқаро меҳнат стандартларини илгари суришдаги роли масалалари муҳокама этилди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган мазкур тадбир халқаро меҳнат меъёрларини янада илгари суриш борасида тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича муҳим платформага айланганини алоҳида таъкидладилар.

Халқаро конференция ишида Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро Касаба уюшмалари конфедерацияси ва унинг Бутуневропа минтақавий кенгаши, Глобал федерациялар вакиллари ҳамда Америка, Африка, Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари касаба уюшмаларининг миллий марказлари ва Ўзбекистондаги тармоқ касаба уюшмалари раҳбарлари, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасидаги етакчи олим ва экспертларнинг иштирок этгани халқаро меҳнат меъёрларини илгари суриш, конструктив ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш ва ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини олиб бориш борасида касаба уюшмаларининг стратегия ва тактикасини такомиллаштириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.

Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми 130 миллиард доллардан ошади, бундай ўсиш суръатлари ва экспертларнинг юқори баҳолари илгари кузатилмаган.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда охирги тўққиз йил давомида ялпи ички маҳсулот барқарор ўсиб бормоқда. Бундай натижаларга Президентимиз ташаббуслари билан тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, замонавий саноат мажмуаларини барпо этиш, “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, ахборот технологиялари, туризм ва молиявий хизматларни ривожлантириш туфайли эришилмоқда. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, электротехника, машинасозлик, фармацевтика каби соҳаларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Давлат бюджетининг 50 фоиздан кўп қисми аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, камситилмаслик ва тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принциплари, хавфсиз меҳнат шароитларидан фойдаланиш ҳуқуқи, йиллик ҳақ тўланадиган таътил ва пенсия таъминоти каби халқаро фундаментал қадриятлар ўз аксини топган. Шунингдек, “Касаба уюшмалари тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунлар, ратификация қилинган ва ратификация қилинмаган конвенциялар қоидаларини ўз ичига олган Меҳнат кодексининг янги таҳрири қабул қилинди.

Кун тартибидаги масалаларни қизғин ва конструктив руҳда муҳокама қилиш чоғида Халқаро конференция иштирокчилари халқаро меҳнат стандартларини ратификация қилиш, жорий этиш ва уларга тўлиқ риоя қилиш, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда уч томонлама ижтимоий мулоқот институтларидан энг юқори даражада фойдаланишга эришган миллий касаба уюшмалари марказлари, шу жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тажрибасини ижобий баҳоладилар.

Анжуман иштирокчилари, шу жумладан, ҳорижий экспертлар Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришлар ­мамлакат янги ­тарихини бошлаб бергани, ижтимоий-­иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз ­бераётган ­улкан янгиланишлар мамлакатнинг дунё ҳамжамияти билан том ­маънода ­интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар. Натижада бугун Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий, маданий, интеллектуал соҳалар қатори ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга изчил татбиқ этиш соҳаларида ҳам юксак натижаларга эришилаётгани, Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотлари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган олийжаноб ғояни ҳаётга татбиқ этишга, аҳоли фаровонлигини изчил ошириб боришга юксак эътибор қаратилаётгани, ҳар бир инсон ва ҳар бир оиланинг ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг натижасида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бераётгани, Янги Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя сиёсатининг мутлақо янги модели яратилгани эътироф этилди.

Бундай янгиланишлар жараёнида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этиб, меҳнаткашлар манфаатларини таъминлаш йўлида изчил ишларни олиб бораётгани таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги тадбирлар Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош келишувга киритилгани, тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари, жамоа шартномаларининг барчаси ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс тадбирларни ўз ичига олгани қайд этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари мазкур локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларнинг реал даромадларини босқичма босқич ошириш, меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш, иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларини касбга ўқитиш ва қайта ўқитиш ишларида ҳамкорлик кўрсатмоқда.

Кўзланган мақсадларга кўра мазкур нуфузли халқаро конференция бевосита халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш бўйича анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун қулай майдон вазифасини ўтади. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши шак-шубҳасиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини намойиш қилди.

Ялпи ва секция мажлисларидаги муҳокамалар якунларига кўра анжуман иштирокчилари томонидан Халқаро конференциянинг Тошкент резолюцияси қабул қилинди.

Халқаро анжуман доирасида ҳорижий экспертлар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан тинишдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари