29.09.2025. Ўзбек халқи азал-азалдан устоз зотини улуғлаб келади. “Устоз отангдай улугъ” деган доно нақл халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган ҳаёт фалсафасини ифодалайди. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида унга сабоқ берган, тўғри йўл кўрсатган, билим ва маърифат чироғини ёққан устознинг ўрни беқиёсдир. Шу боисдан ҳам 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” халқимиз ҳаётида юксак қадрият, меҳр ва эҳтиром байрами сифатида нишонланади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан, Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ҳамкорлигида Қуйи Чирчиқ туманидаги “Беруний” маданият саройида 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон таянчи, сиз азиз устозлар!” мавзусида маданий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси С.Файзиева, Тошкент вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси раҳбари Н.Кулбекова, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Р.Шералиев, Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Маматқулов, Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчи ва ходимлар иштирок этди.
Тадбирни С.Файзиева кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан табриклади. Кенгаш раиси сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юртимиз таълим тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар, уларнинг натижасида бугунги кунда юртимизда таълим сифатининг ошиб бораётгани, бу борада касаба уюшмаларининг ўрни ва роли тўғрисида атрофлича фикр билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош ассамблеясининг 80 йиллик юбилей сессиясида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти, сессия доирасида ўтказилган тадбирлар ҳамда халқаро учрашувлардаги иштироки тўғрисида батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида 85 нафар таълим тизими фидойилари ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, таълим тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат фаолиятини юритаётган 24 нафар фидойи ўқитувчи ва мураббийларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Кўҳинур” ва “Умид гулшани” санаторийларига бепул йўлланмалар топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида намойиш этилган саҳнавий чиқишлар ва шўх куй-қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият бахш этди.