[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

12.10.2025. 7 октябрь — Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан ўтказилаётган “Муносиб меҳнат хафталиги” доирасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди. Хусусан, Касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир!” шиори остида ўтказилган семинарда Республика кенгаши масъул ходимлари, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ва фаоллари иштирок этди.

Тадбирда корхона ва ташкилотларда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиш, муносиб меҳнатнинг аҳамияти, ижтимоий адолат ва ҳуқуқий ҳимоя масалалари иш берувчилар ва касаба уюшмалари олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, мазкур масалалар ҳозирги кунда иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномаларига тегишли бандларни киритиш орқали ҳал этилаётгани қайд этилди.

Семинар давомида бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари сўзга чиқиб, ўз корхоналарида жамоа шартномалари орқали амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар ва ўзаро фикр алмашдилар.

Тармоқ тизимидаги “Биокимё”, “Фарғонаазот”, “Ammofos-Maxam”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Maxam-Chirchiq” АЖлари, “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ХКсида ва бошқа корхона ҳамда ташкилотларда ҳам Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан тадбирлар ўтказилди. Жумладан, “Андижон биокимё заводи” АЖда ўтказилган Давра суҳбатида жамият бошқаруви раиси, Техника университети Андижон филиал ўқитувчилари, Вилоят бандлик бошқармаси мутахассислари ва вилоят ИИБ миграция бўлими ходимлари  иштирок этди.

Тармоқ тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖда ва унинг бўлим ҳамда цехларида ўтказилган семинарлар доирасида меҳнат ҳуқуқлари, халқаро стандартлар, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси каби долзарб масалалар муҳокама этилди. 

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси