10.11.2025. Пойтахтимиздаги “Чинобод плаза” санаторийсидаги Мажлислар залида 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан кўп йиллардан бери мамлакат касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилиб, бугунги кунда ҳам ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган касаба уюшма фахрийлари билан учрашув ҳамда касаба уюшмалари тизимида ўтказилган турли ижтимоий лойиҳалар ва танловлар ғолибларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар мутасаддилари, Республикамиз ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фахрийлари, Федерация томонидан ўтказилган қатор танловлар ғолиблари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси иштирокчиларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда кенг нишонлаб келинаётган 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан қутлаб, Президентимиз ташаббуслари билан мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора 11 ноябрни “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи илгари сурилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани ва бу касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланганини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаган ҳолда олиб борилаётган одилона сиёсат ва туб ислоҳотлар натижасида юртимизда йил сайин ҳар соҳада мунтазам ўсиш кўрсаткичлари юксалиб бораётганини, шунингдек, тарихан қисқа вақт ичида Янги Ўзбекистон эришаётган ютуқларни халқаро ҳамжамият вакиллари ва экспертлар ҳам тан олаётганини фахр билан қайд этди.
Жорий йил 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашуви том маънода катта тарихий воқеа бўлди. Мазкур учрашувда Давлатимиз раҳбари “Ҳеч шубҳасиз, биз эришаётган натижаларда 8 миллионга яқин аъзога эга, энг халқчил ва катта нодавлат ташкилоти бўлган касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир корхона ва ташкилотга – ишчанлик муҳитини, меҳнат жамоаларига – рағбат ва адолат руҳини олиб кираётган касаба уюшмалари фаолларига чин дилдан миннатдорлик билдираман”, дея алоҳида таъкидладилар. Муҳтарам Президентимиз бўлиб ўтган тарихий учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг корхона ва ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқларни ҳимоя қилишдаги жонбозлигини алоҳида эътироф этиш билан бирга бир қатор салмоқли таклиф ва вазифаларни ҳам илгари сурдилар.
Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, мамлакатимизда касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан самарали фойдаланган ҳолда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда юртимиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, бугун Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот тамойиллари асосида меҳнат аҳлининг ижтимоий-иқтисодий манафаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш йўналишларида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Сирасини айтганда юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларда Янги Ўзбекистоннинг Янги касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимлари манфаатларини ҳимоялаб келмоқда.
Бунга охирги 8 йил давомида давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида трипартизм шаклидаги ижтимоий шерикликнинг юқори босқичга кўтарилгани ҳам ёрқин далилдир. Бунинг натижасида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Президентимиз ташаббуслари билан “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, Федерация тизимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Шунингдек, Малака ошириш институти, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи, Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси, Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти ташкил қилинди. Тизимда мавжуд 18 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи сони 107 тага етказилди. 2016 йилда касаба уюшмалари тизимида 17 та санаторий фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 33 тага етди. Жаҳон стандартларига тўла жавоб берувчи “Касаба уюшмалари сув спорти саройи” фойдаланишга топширилди. Яна бир муҳим жиҳат, охирги йилларда касаба уюшма аъзолари сони 8 миллион нафардан ошишига эришилди.
Касаба уюшма мутахассислари ва фаолларининг салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар натижасида Парламент палаталарида касаба уюшмалари фаоллари сони ортиб бормоқда. Бу халқимизнинг касаба уюшмаларига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолатдир.
Ушбу эришилган натижалар Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихида янги саҳифани бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Ишчи гуруҳи мамлакатимиздаги фахрийлар, касаба уюшмалари тарихи билан шуғулланган олимлар, тарихчилар билан иш олиб бориш баробарида, Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, архив материаллари асосида мамлакатимизда касаба уюшмаларининг илк қалдирғочлари 1905 йилда пайдо бўлганини исботловчи асосли далилларни топди. Айни кунда юртимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари ҳаракатининг юбилей санасини тантанали нишонлаш, мазкур сана муносабати билан соҳа фаолларини маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимларини жорий этиш каби йўналишларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тантанали тадбирда анжуманга таклиф этилган, касаба уюшмалари тарихида ўзига хос ўрин тутган ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидоий касаба уюшма фахрийларига Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ушбу нишон билан касаба уюшмаси аъзоси бўлган, соҳанинг тарихини яхши билган ва уни кенг оммага тарғиб қилган, меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган ишчи-хизматчилар, мазкур йўналишга катта ҳисса қўшган, нуфузини ошириб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этган шахслар, шу жумладан, таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, касаба уюшмаларининг ташкилий масалаларида, уларнинг ривожланишида ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлашда ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшган арбоблар, иш берувчилар ва бошқа шахслар тақдирланади.
Таъкидлаш зарурки, сўнгги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб ўтказилган касаба уюшмалари фахрийлари билан учрашув тадбири доирасида Ватанимиз равнақи йўлида бор имкониятларини ишга солиб, фидокорона меҳнат қилаётган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантириш, кўп йиллик илғор иш тажрибасига эга бўлган инсонларни эъзозлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари ҳам тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ва Касаба уюшмалари куни байрамига бағишланган тантанали тадбирда кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотининг 2025 йилги совриндорларига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва касаба уюшмалари фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди. Совриндорларга “Эҳтиром” нишони, пул мукофоти ва гувоҳномалар топширилди.
Навбатдаги мукофотлар “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” юзасидан ўтказилган республика кўрик-танлови ҳамда Электр-энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энг яхши касаба уюшма ташкилоти танлови ғолибларига топширилди.
Шундан сўнг “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши журналист” “Энг яхши спортчи”, “Энг яхши маданият ходими”, “Энг яхши санаторий”, “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши ҳамшира”, “Энг яхши ўрта тиббиёт ходими”, “Энг яхши ошпаз”, “Энг яхши сервис хизмат кўрсатиш ходими”, “Энг яхши оромгоҳ”, “Энг яхши оромгоҳ директори”, “Энг яхши катта тарбиячи”, “Энг яхши тарбиячи”, “Энг яхши етакчи”, “Энг яхши тўгарак раҳбари” номинациялари ғолиблари тақдирланди.
Қувончли лаҳзалар “Энг яхши қурилиш мухандиси”, “Энг яхши лойиҳачи”, “Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари”, “Энг намунали қурилиш ходими”, “Энг яхши қурилиш ташкилоти назоратчиси”, “Энг яхши қурувчи”, “Яшил макон фидоийси” номинациялари ғолибларини тақдирлаш билан давом этди. Шунингдек, “Касаба ишончи” танлови ғолиблари мукофотланди.
Барча кўрик-танловлар ва номинациялар ғолибларига “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси дипломи, Касаба уюшмалари тарихи китоби ва совғалар топширилди.
Байрам тадбири якунида касаба уюшма фахрийлари ва фаоллар, танлов ва номинациялар ғолиблари ҳам ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский