18.11.2025. Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан хотин-қизлар ўртасида кўкрак бези саратони диагностикаси ва унинг аҳамияти мавзусида онколог мутахассислар ва тиббиёт ходимлари иштирокида тарғибот-тушунтириш тадбири ташкил этилди.
Тадбир гибрид форматда — офлайн ва онлайн шаклда ўтказилиб, тармоқ тизимидаги корхоналарда меҳнат қилаётган хотин-қизлар қамраб олинди.
Тадбир доирасида иштирокчиларга турли профилактик тавсиялар, хавф омиллари ва уларни камайтириш чоралари, кўкрак бези саратонини эрта аниқлашнинг аҳамияти, аёллар саломатлигини асрашда мунтазам текширувларнинг роли ҳамда асосий диагностик усуллар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Айниқса, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва стрессни бошқариш каби омиллар кўкрак бези саратони хавфини камайтиришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари ўртасида савол-жавоб сессияси ўтказилиб, аёлларни қизиқтирган масалалар бўйича онколог мутахассислар ва тиббиёт ходимлари томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Хотин-қизлар учун махсус профилактик буклетлар, визуал материаллар ва амалий кўрсатмалар тарқатилди.
Ушбу йўналишда касаба уюшмаси томонидан келгусида ҳам мунтазам равишда ўқув-семинарлар, онлайн вебинарлар ва тиббий кўриклар ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббуслар аёллар саломатлигини асраш, иш жойларида ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва профилактик тиббий маданиятни оширишга қаратилган кенг қамровли дастурнинг бир қисмидир.
Тарғибот-тушунтириш дастурининг яна бир муҳим жиҳати — аёллар ўртасида соғлиқни сақлаш маданиятини шакллантириш, онкологик касалликларнинг олдини олишга доир билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишидир.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский