[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

28.01.2026. Бу жараёнда касаба уюшмаларининг ўрни қандай бўлиши керак?

Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши 13 та вазирлик ва идора билан тармоқ Жамоа келишувларини имзолаган. Улар меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишида ўтган йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Унда Республика Кенгаши раҳбарияти, аппарат ходимлари, шунингдек, ижтимоий шерик ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Музокаралар давомида тармоқ жамоа келишуви доирасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, иш ҳақи ҳамда кафолатли тўловларни ўз вақтида бериш борасида эришилган ижобий натижалар алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда дастуриламал бўлмоқда. Низоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилиб, иш берувчи билан ходим ўртасида юзага келадиган келишмовчиликларни судгача ҳал этишда касаба уюшмалари яраштирувчи институт сифатида фаол иштирок этмоқда.

Бандлик масаласи ҳам жамоа келишувида устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Янги иш ўринларини яратиш, ишсиз фуқароларни, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва ногиронлиги бор шахслар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам кенгашнинг доимий эътиборида. Иш ҳақи улушини ошириш, тариф ставкалари ва коэффициентларини жамоа шартномалари орқали белгилаш, иш ҳақи кечиктирилган ҳолларда компенсация тўлаш каби меъёрлар ходимлар даромадларини барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, гендер тенгликни таъминлаш, бир хил меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилини амалиётга тўлиқ жорий этиш масаласига аоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хотин-қизлар ва ёшлар учун қўшимча ижтимоий кафолатлар ҳам жамоа келишувидан алоҳида ўрин олган. Хусусан, ҳомиладор аёллар ва ёш болали оналар учун енгил меҳнат шароитлари, ёш мутахассисларга фоизсиз ссудалар ажратиш, гендер аудитлар ўтказиш ҳамда касбий ривожланишга қаратилган ўқув дастурларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили кенгаш, Тошкент шаҳар бирлашган қўмитаси ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари томонидан тизимга кирувчи 3 мингдан ортиқ ташкилотда янги қабул қилинган жамоа шартномаларини экспертизадан ўтказиш жараёнида ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тармоқ жамоа келишуви ва жамоа шартномаларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга, уларнинг соғлиғини тиклаш ҳамда меҳнат жамоаларида ҳамжиҳатликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Қуйи бўғин ташкилотларида қабул қилинган жамоа шартномалари орқали 1 минг 500 нафардан зиёд ходим қўшимча ижтимоий кафолатлардан фойдаланди.

Шунингдек, Бош жамоа келишувига мувофиқ, жамоа шартномаларининг бажарилиши якунларини ҳар йили апрель ойидан кечиктирмасдан кўриб чиқиш масаласи бўйича ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилди. Улар умумий йиғилишлар ва конференцияларда муҳокама қилиниб, кўриб чиқиш жараёнида ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя этилди.

Жамоа шартномалари доирасида аёллар ва ёшлар учун белгиланган имтиёз ва кафолатлардан 800 минг нафардан ортиқ ходимлар фойдаланди. Чунончи, 4,5 минг нафарга яқин ходим касаба уюшмаси имтиёзли йўлланмалари асосида санаторий-курортларда соғломлаштирилди.

Ҳудудларда уюштирилган спорт тадбирларига 5 215 нафар меҳнаткаш қамраб олинди. Шунингдек, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ўтказилган саёҳатларда 285 минг нафардан ортиқ касаба уюшмаси аъзолари мамлакатимизнинг турли манзилларига ташриф буюрдилар. “Театр – ибратхона” дастури доирасида ходимларнинг маданият ва санъат муассасаларига, жумладан, музей ва зиёратгоҳларга жамоавий ҳамда оилавий ташрифлари тизимли ташкил этилди.

Давра суҳбатининг иккинчи қисмида Президентимизнинг 2025 йил 17 октябрда касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари, шунингдек, 11 декабрь куни аграр соҳа ходимлари билан ўтказган учрашувларида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.

Cўнгра Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон иш берувчилар конфедерацияси ўртасида 2026-2028 йилларга имзоланган Бош жамоа келишуви талабларидан келиб чиққан ҳолда, амалдаги тармоқ жамоа келишувига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилишда ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат жамоаларида фаолликни ошириш мақсадида жойларда маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича қўшма тадбирлар ташкил этиб боришга келишиб олинди.

Сирасини айтганда, агросаноат соҳасида ҳам янги давр бошланган.  Бу жараёнда касаба уюшмалари ишчи-ходимлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг меҳнати ва қадр-қимматини улуғлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Йиғилишда ана шу тамойил келгусидаги фаолиятнинг устувор вазифаси бўлиши алоҳида қайд этилди.