[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

06.02.2026. Юртимизда инсон қадри, меҳнаткаш инсонга ҳурмат ва эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимида фидокорона хизмат қилиб келаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 ноябрдаги “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги ПҚ–336-сонли қарори айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилади. Ушбу қарорнинг 8-банд “б” кичик банди ижросини таъминлаш доирасида муҳим ижтимоий ташаббус амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2025 йил 30 декабрдаги қўшма қарорига мувофиқ, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган ходимларга 2026 йил 1 январдан бошлаб касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар бериш белгиланди.

Ушбу қарор асосида 2026 йил давомида Қашқадарё вилоятида давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган 85 нафар тиббиёт ходимини “Қашқадарё соҳили” санаторийсида бепул соғломлаштириш режалаштирилган.

Шу муносабат билан, 2026 йилнинг I-чорагида соғлиқни сақлаш соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, халқ саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилган 14 нафар тиббиёт ходимига дам олиш ва соғлиғини тиклашлари учун бепул санаторий йўлланмалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилояти Кенгаши томонидан тантанали равишда топширилди.

Бу ташаббус — меҳнаткаш инсонга бўлган эътибор, фидокорона хизматнинг қадри давлат томонидан юксак баҳоланаётганининг яққол далилидир.