20.04.2026. Бугун дунё ҳамжамияти глобаллашув жараёнларида ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бу ишлаб чиқариш фаолиятининг кенгайиши ва ишчи-ходимларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан бевосита боғлиқ. Шу боис ҳар бир ташкилот олдига меҳнат муҳофазасини самарали ташкил этиш муҳим вазифа сифатида қўйилмоқда.
“Навоий ИЭС” АЖда “28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “Хавфсиз меҳнат асослари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши раиси Назира Тоғаева очиб берди.
Семинарда “Smart Integrity M E” МЧЖ директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Нурдинов томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат муҳофазасини кучайтириш, ишчи-ходимлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва корхонада бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилинди.
Тадбир давомида иштирокчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик, хавф-хатар омиллари ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, электр ва ёнғин хавфсизлиги, саноат гигиенаси ҳамда шахсий ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар доирасида “Соғлом психосоциал иш муҳитини таъминлайлик!” мавзусидаги маърузада иш жойидаги руҳий муҳитнинг аҳамияти, стресс ва зўриқишнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди.
Тадбир интерактив руҳда ўтиб, иштирокчиларнинг фаол иштироки таъминланди. Мутахассислар хавфсиз меҳнатни таъминлашда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунида корхона раҳбариятига “Ўзбекистон касаба уюшмалари — 120 йил халқ билан” китоблари топширилди.
Бундай тадбирлар меҳнат муҳофазаси тизимини мустаҳкамлаш, хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини яратишга хизмат қилади.
М. Камбарова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши меҳнат-техник инспектори
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский