Матбуот анжумани
06.09.2013. Юртимиз тараққиёт йўлидан дадил одимлаётгани сайин барча соҳаларда йилдан-йилга ижобий ўзгаришлар юз кўрсатаётир. Жумладан, жорий йилги Ўзги соғломлаштириш мавсуми ҳам аввалги йиллардагидан-да юқори савияда ташкил этилгани билан болажонларда ёқимли таассурот қолдирди. Эртаклар мамлакатига айланган оромгоҳларимиз уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятлардан фойдаланилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан «Болаларни Ўзги соғломлаштириш мавсуми якунлари таҳлили ва галдаги долзарб вазифалар» мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Унда ЎзКУФК мутасаддилари, касаба уюшма фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан «Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси»нинг тасдиқланиши мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш имконини берди. Чунончи, Ҳукумат даражасида ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, оромгоҳларга малакали педагог ва тиббиёт ходимларини жалб этиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Айниқса, мазкур Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркибида тегишли вазирликлар раҳбарлигида бешта Ишчи гуруҳ ташкил этилиши мавсум давомида ижобий самара берди.
Мамлакатимизда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ҳар бир йилга мўлжалланган Манзилли дастур тасдиқланаётгани эътиборга моликдир. 2012-2013 йилларга мўлжалланган Манзилли дастурларга мувофиқ 19 та оромгоҳ капитал таъмирланди, 13 та оромгоҳ реконструкция қилинди ва 4 та янги оромгоҳ барпо этилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли жорий йилда республика бўйича 1058 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди. Улардан 268 таси стационар турдаги, 790 таси кундузги оромгоҳлар бўлиб, уларда болаларни соғломлаштириш учун 34,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Оромгоҳларда 293 минг 866 нафар бола соғломлаштирилиб, бу кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 108,7 фоизни ташкил этди.
Қувонарли томони, бу йил ихтисослаштирилган оромгоҳлар сони ортиши баробарида, йўналишлари кўпайди. Масалан, 2012 йилда «Интеллектуал ривожлантириш», «Ҳарбий-спорт», «Меҳнат ва дам олдириш» оромгоҳлари ташкил этилган бўлса, жорий йилдан «Экологик-биологик», «Ўлкашунослик», «Техник ижодкорлик» ҳамда «Ижтимоий мослашув» каби йўналишлардаги оромгоҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, болалар маънавиятини юксалтириш, уларни маданий-маърифий тадбирлар билан қамраб олинишига катта эътибор қаратилди. Жорий йилдан бошлаб ҳар бир оромгоҳда илк бор хорижий тилларни ўргатиш бўйича махсус тўгараклар ташкил этилди. Таниқли ва ёш санъаткорларнинг концертлари, қўғирчоқ театри, цирк томошалари уюштирилди. Қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда касаба уюшмалари томонидан маданий-маърифий тадбирлар, таниқли инсонлар билан учрашув, ижодий фестивал, кўрик-танлов, китобхонлик байрами ҳамда болалар акциялари ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мавсумнинг мароқли ўтишида барча тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларининг муносиб меҳнати Ўтади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, болаларни соғломлаштириш ишларида фаол иштирок этган ташкилот ва масъул ходимларни рағбатлантириш мақсадида бир неча йилдан буён Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг республика Форуми ташкил этиб келинмоқда. Жорий йилги форумда турли номинациялар бўйича муносиблар тақдирланади.
Матбуот анжуманида кейинги йилги мавсумга тайёргарлик борасидаги долзарб вазифаларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, оромгоҳлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда, бундай масканлар сонини ошириш, сифатли ишлашини таъминлаш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш бўйича махсус тадбир ва дастурлар ишлаб чиқишга доимий эътибор қаратилади.
Тадбир сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.