07.06.2019. Миллий маданиятимизнинг узвий қисми бўлган театр санъати хусусида сўз борар экан, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр — бу ибратхонадур” деб айтган фикрини эслаш ўринлидир. Зеро, театр маърифат улашувчи, саҳна ва томошабин ўртасида жонли мулоқот ўрнатувчи маскан бўлиб, бу даргоҳда юксак фазилатлар ҳамда умуминсоний ғоялар тараннум этилади.
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “Инсон маънавиятини камол топтиришда театрнинг ўрни” мавзусида маънавият соати ўтказилди.
Унда Республика Кенгашининг аппарат ходимлари, Республика Кенагашлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ташкилотлари бирлашмаларининг раҳбар ҳамда ходимлари иштирок этди. Ушбу маънавият соатига театр саҳнасида, кинофильмларда яратган роллари билан мухлислар қалбидан жой олган санъаткорлар, хусусан, Ўзбекистон миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, элимиз суйган актриса Дилноза Кубаева ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти, АҚШ, Туркия, Россия, Арманистон, Қозоғистон давлатларида ўтказилган кўрик-танловлар ғолиби ва Гран-прилар соҳиби Аваз Ражабовлар таклиф қилинди.
Тадбирни Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари М.Розиметов кириш сўзи билан очиб берди. — Давлатимиз раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш мақсадида акциядорлик жамияти мутасаддилари томонидан Ўзбекистон Давлат Сатира театри билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Дўстлик клуби” ҳам ташкил этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан ходимларнинг театрларга ташриф буюришлари учун тақсимот режа-жадвали ташкил этилиб, йилига 10 минга яқин чипталар шартнома асосида харид қилинган ҳолда ходимларимизга имтиёзли баҳода (50 фоиз) тўлаш йўли билан ажратилиб, барча корхона, ташкилот ва муассасалари касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан тарқатилмоқда”.
Маънавият соатида сўзга чиққан санъаткорлар театрнинг жамиятимиз, инсон ҳаётидаги ўрни, ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан театрга берилаётган эътибор ҳамда бевосита ўзлари ижро этган ролларига тўхталдилар. Саҳна асарлардан ижро этилган парчалар, айниқса, Ўзбекистон давлат академик катта театри актёри Аваз Ражабов ижросидаги опера намуналари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Назокат Нурматова
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши ишлар бошқарувчиси