[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.09.2019. Жамоа шартномасида бошқа соҳалар қатори ишчи-хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор берилади. Бу бежиз эмас, албатта. «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» давлат дастурида хотин-қизлар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва дам олишларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган бўлиб, айни шу кунларда тасарруфимиздаги 96 та бошланғич касаба уюшма ташкилотида ушбу вазифаларни бажаришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Бугунги кунда соҳада меҳнат қилаётган ходимларнинг катта қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Шу муносабат билан уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини юксалтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. «Аёллари қадр топ­ган юрт» шиори остида ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда тизимда ишловчи, ўрта-махсус касб ҳунар таълими муассасаларида таълим олувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни ҳаётга ва оилага тайёрлаш мақсадида давра суҳбатлари ва учрашувлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Тадбирларда фаол қатнашган педагог ва ишчи-ходимлар ҳамда меҳнат фахрийлари, кам таъминланган оилалар, меҳнат ногиронларига моддий рағбатлар кўрсатилди.
Соғлом болани дунёга келтирувчи шахс – онанинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, келажагимиз равнақи учун фидойи, куюнчак аёлларимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш касаба уюшма фаоллари зиммасига катта масъулият юклайди. Хусусан, меҳнат бозоридаги рақобатда улар манфаатини ҳимоя қилиш, иш берувчининг адолатли муносабатда бўлишини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва саломатликларини тиклаш ҳамиша бирламчи вазифалардан бири бўлиб қолиши лозим.
Хотин-қизларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш, спорт орқали саломатлигини тиклашга кўмаклашиш кундалик ҳаётда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Бунга биз «Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори» шиори остида ўтказилган туман спартакиадаси асноси яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Мусобақаларда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган 100 нафардан кўпроқ хотин-қизлар иштирок этди.
Ушбу мусобақанинг туман босқичида 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ўткир Ғоибназаров ҳамда 39-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Хуршидбек Ҳазратқуловлар оиласи ғолиб­ликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олишди. Хуршидбек Ҳазратқулов оиласи вилоятда ҳам биринчи ўринни қўлга киритиб, ­республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлди.
Соҳа ходимлари ўртасида «Мини футбол» бўйи­­ча ташкил этилган туман биринчилиги ҳам ўта қизиқарли ўтди. Саралаш ўйинларида юқори кўрсаткичга эришган 18 та жамоа якуний босқичда ўзаро куч синаш­­ди. Омад 45-умумтаълим мактаби жамоасига кулиб боқди. 18- ва 39-умумтаълим мактабларига 2-3- ўрин насиб этди. Мусобақа низомига асосан «Энг яхши ҳужумчи», «Энг яхши дарвозабон», «Энг ёши улуғ футболчи», «Энг яхши ҳакам» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Ғолиб жамоаларга таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Зомин тумани кенгаши ва туман халқ таълими бўлимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» шиори асосида кенг кўламда тарғибот ишларини олиб бордик. Жойларда ўтказилган «Маънавият соатлари»да мустақилликдан сўнг юксак марраларга эришишимиз замирида тинчлик-­осойишталик, энг муҳими, одамларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашаётгани ­мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтаётгани алоҳида таъкидланди.
Шак-шубҳа йўқки, тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, фаол ишчи-хизматчиларни моддий рағбатлантириш ва меҳнат самарадорлигини янада оширишда жойлардаги касаба уюшма қўмиталари янада фаоллик кўрсатиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадилар.

Б.Жонтурсунов
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Зомин тумани кенгаши раиси