15.01.2020. 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Мониторингни ўтказиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланди.
Мониторинг ишини ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо-ташкилотлари вакиллари, шунингдек Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий комиссиялари аъзоларидан иборат 13 та ҳудудий гуруҳлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишлаш учун) шакллантирилди. Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари этиб, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг малакали мутахассислари, шу жумладан катта иш тажрибасига ва ХМТнинг тренер-ўқитувчи сертификатига эга бўлган мутахассислар тайинланди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, интервью олишдаги саволлар миқдорини қисқартириш мақсадида Миллий мониторинг услубиёти қайта кўриб чиқилди. Пахта йиғим-терими жараёнида теримчилар учун яратилган маиший ва меҳнат шароитларини ўрганиш бўйича теримчиларнинг меҳнат муҳофазаси, санитар-гигиеник шароитлари, ичимлик суви ва иссиқ овқат билан таъминланиши, иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ берилиши, терим отрядлари ва туман Фермерлар кенгашлари ўртасида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартомаларнинг тузилганлиги масалаларини қамраб олган алоҳида баҳолаш услубиёти ишлаб чиқилди. 20 та кўрсаткич мавжуд бўлган мазкур Услубиётда ҳар бир ижобий кўрсаткич 5 балл билан баҳоланди ва умумий ҳисобда 70 фоиздан кам кўрсатгич тўплаган фермер хўжаликлари хавф мавжуд бўлган ҳудуд деб ҳисобланиб, чора кўриш учун танлаб олинди.
Тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ 2019 йил 18 сентябрь куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “2019 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ташкил қилиш борасида олиб бориладиган ишлар” мавзусида Брифинг ўтказилди. Брифингда оммавий ахборот воситалари вакилларига Миллий мониторингни ўтказишдан мақсад, унинг услубиёти ва муддатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш” лойиҳаси билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 24 сентябрь куни Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳлари раҳбарлари ва Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчилари учун семинар-тренинг ташкил этилди. “2019 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт ва ташкилий-техник шароитлар” мавзусида ўтказилган мазкур семинар-тренинг жараёнида ишчи гуруҳлар раҳбарларига Миллий мониторинг услубиёти, дастурий таъминот билан ишлаш ҳамда берилган планшетлардан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилиб, тарқатма материаллар, планшетлар ва бейджиклар тарқатилди. 2019 йилнинг 25 сентябрь куни эса барча ҳудудларда ишчи гуруҳлар раҳбарлари томонидан ўзлари бириктирилган ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари учун семинар ўтказилиб, улар тарқатма материаллар, бейджиклар билан таъминланди.
Миллий мониторинг амалиётида 2018 йилда бўлгани каби, тасодифий GPS-координаталар олиниб, ҳудудий гуруҳларни йўналтириш услуби қўлланди. Бунинг учун мониторинг гуруҳлари интернет трафикли SIM-карталар ўрнатилган планшетлар билан таъминланди. Ҳудудий гуруҳларни геолокация бўйича йўналтириш ҳамда ҳаракатланаётган манзилини онлайн тарзда кузатиб бориш мақсадида эса планшетларга “Imgroup” компанияси билан келишилган ҳолда дастурий таъминот ўрнатилди. Шунингдек, дастур хронологияни ва объектларга ташриф давомийлигини акс эттирувчи протоколга киришни ҳамда ташриф жойи фотосуратларини бир жойга тўплашни таъминлаб берди.
Аввалги йилларда бўлгани каби, “Random Point Generator” сайтидан фойдаланиб, тасодифий GPS-координаталарни яратиш усулидан фойдаланилди. Координаталарни тасодифий яратиш касаба уюшмалари Федерациясининг IT-мутахассислари томонидан амалга оширилди.
Миллий мониторинг 2019 йилнинг 26 сентябридан 31 октябрига қадар ўтказилди. Шу давр мобайнида ҳудудий ишчи гуруҳлари республиканинг тасодифий танлаб олинган туман ва шаҳарларига 399 маротаба ташрифларни амалга оширдилар. Ташрифлар давомида 731 та фермер хўжалиги, 12 та коллеж, 1 та академик лицей, 278 та умумтаълим мактаби, 55 та мактабгача таълим муассасаси, 106 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 77 та тадбиркорлик субъекти (37 та агросаноат кластерлари билан биргаликда), 56 та ҳокимлик, 35 та маҳалла фуқаролар йиғини таҳлил қилинди.
Таҳлил жараёнларида 55 минг 726 км йўл босилиб, жами бўлиб
3 минг 159 нафар респондентлар билан интервьюлар ўтказилди. Шу жумладан, 2842 та интервью теримчилар ва ташриф буюрилган ташкилотлар ходимларидан, қолган 317 та интервью эса отрядлар раҳбарлари, фермерлар ва ташриф буюрилган ташкилотлар раҳбарларидан олинган.
Муассасалар ва ташкилотларда амалга оширилган таҳлил жараёнларида раҳбар ва масъул ходимларга гуруҳлар томонидан Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 29-, 105-, 138- ва 182-сонли конвенциялари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли ва 31 майдаги 407-сонли Қарорларининг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди.
Мониторинг давомида ишчи гуруҳлари кўргазмали ахборот материаллари (баннерлар, палакатлар, флаерлар) ҳамда пахта йиғим-теримига фуқароларни эркин ёллаш (оммавий оферта) тўғрисидаги эълонлар ва баннерлар жойлаштирилганлиги бўйича жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширдилар.
Таъкидлаш ўринлики, 2019 йилда илк бор Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) орқали Миллий мониторингда иштирок этиш учун АҚШ, Европа касаба уюшмалари марказлари ва бир қатор халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари таклиф этилди. Таклифга биноан 2019 йилнинг 7-12 октябрь кунлари Россия мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг Ҳуқуқ департаменти раҳбари Юрий Иванович Пелешенко Миллий мониторинг жараёнида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ю.Пелешенко 7 октябрь куни Тошкент вилоятида, 8-9 октябрь кунлари Самарқанд вилоятида ва 10-11 октябрь кунлари Бухоро вилоятида бўлиб, Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳларига амалий ёрдам кўрсатди. Шунингдек, Миллий мониторинг жараёнини кузатиш мақсадида ХМТнинг “Ўзбекистонда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини бажаришга кўмаклашиш” лойиҳаси катта техник маслаҳатчиси в.б. Анастасия Дубова, лойиҳа консультанти Дилафруз Урунова, ХМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий координатори Азизхон Ханходжаев 14-19 октябрь кунлар Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ўтказилган мониторинг жараёнларида иштирок этишди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, таклиф берилганига қарамасдан, Америка Меҳнат Федерацияси – Ишлаб чиқариш касаба уюшмалари Конгресси (AFL-CIO) ҳамда Озиқ-овқат ва тамаки саноати, қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона ва ресторан хизматлари, овқатланиш ва уларга алоқадор соҳалардаги ходимлар Халқаро иттифоқи (IUF) вакиллари мониторинг ўтказишда иштирок этишмади.
Миллий мониторинг жараёнида пахта йиғим-теримига 18 ёшга тўлмаган болаларнинг жалб этилиши ҳолатлари ўрганилганда 6 та ҳолатда пахта далаларида жами 9 нафар 18 ёшга тўлмаган болалар учраган. Хусусан, Наманган вилоятида 2 нафар, Самарқанд вилоятида 4 нафар, Хоразм вилоятида 1 нафар ва Тошкент вилоятида 2 нафар. Уларнинг 3 нафари пахта тераётган ва 6 нафари бошқа сабабларга кўра пахта даласида юрган бўлган.
Давлат органлари, хўжалик субъектлари ва бюджет муассасалари ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этилиши юзасидан 47 та ҳолатда умумий ҳисобда 3 минг 895 нафардан ортиқ ходимлар теримда иштирок этаётганлиги аниқланган. Шундан, Бухоро ва Навоий вилоятларида 1 тадан, Жиззах вилоятида 26 та, Наманган вилоятида 2 та, Сирдарё вилоятида 9 та, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 тадан ҳолат қайд этилган.
Пахта тeримида иштирок этган ходимларнинг 136 нафари меҳнат таътилида, 318 нафари асосий иш жойидан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда, 278 нафари ўзларининг дам олиш кунларида қўшимча даромад ишлаш мақсадида қатнашган бўлиб, қолган 3163 нафар ходимнинг пахта далаларида юрганлигини асословчи тасдиқловчи ҳужжат (ХМТ стандарт индикаторлари доирасида) тақдим этилмади. Ходимларнинг ўзлари пахта тeримига маъмурият томонидан мажбурий жалб қилинганлигини рад этдилар.
Мониторинг жараёнида давлат ва хўжалик бошқарув органлари, шу жумладан таълим ва тиббиёт муассасалари ходимларидан, талабалардан пахта мавсуми муносабати билан мажбурий пул ушланмалар ва бошқа йиғимларнинг ташкил этилганлиги тўғрисида тасдиқланган далиллар аниқланмади. Шунингдек, ходимларни ишдан бўшатиш, ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ёки бошқа тазйиқ ўтказувчи (мажбурловчи) усулларни қўллаш орқали пахта йиғим-теримига жалб қилиш бўйича ишончли ҳолатлар аниқланмади.
Пахта теримчиларини вақтинчалик жойлаштиришда умумтаълим муассасалари биноларидан фойдаланиш юзасидан Учқўрғон туманидаги 35-сонли ва Ангор туманидаги 30-умумтаълим мактабига теримчилар вақтинчалик жойлаштирилганлиги бўйича 2 та ҳолат аниқланган.
Пахта теримчиларига терган пахтаси учун белгиланган пул маблағларининг ўз вақтида берилмаслиги, уларнинг иш ҳақидан турли ушлаб қолишлар юзасидан 64 та ҳолат аниқланган (бу барча ўрганилган фермер хўжаликлари ва агросаноат кластерларининг 8,3 фоизини ташкил этади): Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Жиззах вилоятида 13 та, Қашқадарё вилоятида 1 та, Навоий вилоятида 1 та, Самарқанд вилоятида 2 та, Сирдарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Тошкент вилоятида 38 та. Мазкур ҳолатларнинг 9 тасида терилган пахта учун ўз вақтида пул тўланмаган бўлса, 48 тасида терим пулидан турли ушлаб қолишлар, 7 тасида белгиланган миқдордан кам тўлашлар ҳолатлари бўлган. Ушбу барча аниқланган ҳолатлар юзасидан зудлик билан ишчи гуруҳлари томонидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиниб, теримчилар пулининг аксарият қисми тўлаб берилиши таъминланган.
Пахта йиғим-терими мавсумида терим отрядлари ва буюртмачилар ўртасида меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаганлиги, яъни отряд шартномаси ва отряд паспорти тузилмаганлиги юзасидан 197 та ҳолат учраган (бу барча ўрганилган отрядларнинг 25,6 фоизини ташкил этди): Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Самарқанд вилоятида 10 та, Жиззах вилоятида 85 та, Навоий вилоятида 1 та, Наманган вилоятида 6 та, Сирдарё вилоятида 22 та, Сурхондарё вилоятида 1 та, Тошкент вилоятида 44 та, Хоразм вилояти 27 та ҳолат.
Шунингдек 99 та фермер хўжалиги ва 11 та ишлаб чиқариш кластери томонидан пахта терувчиларга етарли даражада меҳнат ва дам олиш учун шарт-шароитлар (санитария-гигиена хоналарининг eтишмаслиги, иссиқ овқат ва ичимлик суви билан таъминлашдаги узилишлар) яратилмагани ҳолати аниқланган (бу барча ўрганилган фермер хўжаликларининг 15 фоизини ташкил этди). Хусусан, Андижон вилоятида 1 та, Бухоро вилоятида 3 та, Жиззах вилоятида 5 та, Қашқадарёда 17 та, Навоий вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 2 та, Самарқанд вилоятида 3 та, Сирдарё вилоятида 5 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Тошкент вилоятида 35 та, Хоразм вилоятида 30 та ҳолат.
Жорий йилда мониторинг гуруҳлари томонидан мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаатлари ҳамда Озодлик радиоси орқали телеграмм ижтимоий тармоғида ва kun.uz таҳририяти сайтида тарқатилган хабарлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди, 6 та хабардан 4 таси ўз тасдиғини топмади.
Масалан, Сурхондарё вилоятида “Халқ банки” Бойсун туман бўлими ходимлари Шеробод туманида пахта тераётгани, Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, “Қўчқор Чамандоз” фермер хўжалигида Сурхондарёдан келган ички мигрантларнинг меҳнат шароитлари яхши эмаслиги тўғрисидаги хабарлар тасдиқланмади.
Сурхондарё вилояти Денов тумани коммуникация боғламаси ва чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария туман бўлими ходимлари меҳнатидан пахта йиғим-теримида фойдаланилаётгани қисман тасдиқланди ва ушбу ташкилотлар раҳбарлари давлат меҳнат инспекцияси томонидан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти тавсияларидан келиб чиқиб, 2019 йил пахта йиғим-терими мавсумида пахта терими отрядлари аъзоларига Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасига вақтинчалик аъзо бўлиш ва отряд касаба уюшмасини тузиш имконияти берилди.
Миллий мониторинг бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлари маълумотларига кўра 93 та отряд аъзолари (ўрганилганлардан 12,7 фоизи) вақтинчалик касаба уюшмаси тузиш ҳуқуқидан фойдаланмаган. Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, Самарқанд вилоятида 3 та, Сирдарё вилоятида 21 та, Тошкент вилоятида 39 та ва Хоразм вилоятида 26 та отрядда касаба уюшмаси ташкилоти тузилмаган.
Аниқланган салбий ҳолатларнинг барчаси юзасидан касаба уюшмалари томонидан муносабат билдирилган ҳолда чора кўриш учун давлат мeҳнат инспeкцияси ва ишонч тeлeфонларига мурожаатлар қилинди.
Барча аниқланган болалар далалардан чиқариб, оилаларига ёки таълим муассасаларига қайтарилди.
Теримчиларни таълим муассасалари биноларидан бошқа биноларга жойлаштириш учун кўчирилиши назорат қилинди.
Мeҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида озиқ-овқат сифатини ошириш, ичимлик суви билан таъминланиши ва санитария шароитларини яхшилаш бўйича чоралар кўрилди.
Шунингдeк, мажбурий мeҳнат хавфи кузатилган 24 та вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари рўйхати шакллантирилиб, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясига маълумот берилди.
Теримчилар учун етарли иш ва яшаш шароитларини яратмаган 110 та ишлаб чиқариш бирлиги (99 та фермер хўжалиги ва 11 та агросаноат кластери) рўйхати шакллантирилди. Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ушбу ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг иш берувчилари салоҳиятини ошириш бўйича иш олиб бориш тавсия қилинди.
Миллий мониторинг натижаларига кўра, 2019 йилда фуқароларнинг пахта йиғим-теримида кўнгилли равишда иштирок этиш даражаси 96,8 фоиз деб баҳоланмоқда, ва бу ўтган йилги кўрсаткичлардан юқоридир.
Аввалги йилларда бўлгани каби пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмаслигини ҳамма тан олган ва аниқланган жуъзий ҳолатлар болаларнинг ўзлари ёки уларнинг ота-оналари томонидан юзага келтирилган бўлиб, давлат идораларининг бунга умуман алоқаси йўқ.
Шу билан бирга, теримчилар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмаслик, терилган пахта учун терим пулини ўз вақтида тўламаслик ёки теримчиларнинг иш ҳақидан турли ҳил ушлаб қолишлар ҳолатлари кўпайган.
Мажбурий меҳнат хавфи аниқланган вазирлик, идора ва ташкилотлар сони, шунингдек, теримчиларнинг меҳнат қилиш ва дам олишини ташкил этиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга риоя қилмаган фермер хўжаликлари сони ҳам ортган.
Миллий мониторинг натижалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг йиғилишида муҳокама қилинди, муҳокама натижаларига кўра тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларига ва касаба уюшмалари ташкилотлари ҳудудий бирлашмаларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш топшириғи берилди.
Кўриб чиқиш якунлари бўйича ҳужжатлар шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига киритилди.
Махмуджон Исаев
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири.