28.01.2020. Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашида тузилган ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилмоқда.
Хусусан, Қонун тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятдаги шаҳар ва туманларда, корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида маҳаллий ҳокимлик вакиллари, иш берувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилмоқда.
Ана шундай тарғибот тадбирлари куни кеча Жиззах давлат педогогика институти ҳамда Зомин туман ҳокимлигида ташкил этилди.
Уларда Жиззах Давлат педогогика институти профессор ўқитувчилари, талаба ёшлар, Зомин туман ҳокимлиги мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаларининг туман кенгашлари раислари, йирик бошланғич касаба уюшма ташкилотлари, касаба уюшмаларининг ижтимоий ҳамкорлари, бир қатор идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Тарғибот тадбирларида Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари мавзуга оид маърузалар билан қатнашдилар. Маърузачилар “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг долзарблиги ва аҳамияти, корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларининг ўрни, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва аъзолари учун яратилган имкониятлар, ижтимоий шериклик муносабатлари, жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, касаба уюшмалари инспекцияларини тузишнинг аҳамияти каби масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.
Шундан сўнг тадбирлар иштирокчилари савол-жавоб ва мунозара жараёнида фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг бошқа туманларида давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати