[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.04.2020. Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан томорқадан унумли фойдаланиш, деҳқончилик билан шуғулланиш ҳамда экин экиб, даромад олиш бўйича маҳаллама-маҳалла юриб аҳолига тушунтиришлар берилмоқда.

Хусусан, Зангиота туманида томорқаси мавжуд хонадонларга кириб, уларнинг шароити, ернинг унумдорлиги ўрганилиб, фуқароларга ердан самарали фойдаланиш борасида тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Ўрганишлар давомида ҳудудда соғлом фуқаролар билан бир қаторда, ногиронлиги бўлган кишилар ҳам ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, бошқаларга ўрнак кўрсатиб келаётгани маълум бўлди. Масалан, “Обод турмуш” маҳалласида яшовчи Ойхўжаев Ҳасанбой 15 йил аввал бахтсиз ҳодисага учраган, ҳозирда 1-гуруҳ ногирони. Шунга қарамай бугунги кунда унинг ҳовлисида иккита иссиқхона бор. У ҳар бир иссиқхонадан 15 миллион сўм даромад қилади.

– Рафиқам билан мана шу томорқада ишлаймиз, – дейди у. – Рўзғордан ортганини бозорга олиб чиқамиз. Тирикчилигимиз шунинг орқасидан. Интилганга толеъ ёр дейишган, уйда бекор ўтиргандан, бировнинг қўлига қарам бўлгандан кўра инсоннинг ўзи меҳнат қилиб, нонини ҳалоллаб егани яхши-да.

Бирлашма томонидан томорқадан унумли фойдаланишни ташкил қилиш бўйича амалий ишлар давом этяпти. Аҳолига ҳозирги шароитда томорқада ишлаш ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим ва фойдали экани тушунтирилмоқда.

Аъзам Абулфайзов