22.05.2020. Мен ишлаётган такилотда иш берувчи бизни ишдан ташқари ишларга жалб этяпти. Шу тўғрими?
Агар сизнинг розилигингиз бўлмаса нотўғри. Шу билан бирга сиз қаерда, қандай меҳнат шароитида ишлаётганингиз ҳам муҳим ўрин тутади.
Меҳнат кодекси 124-моддасининг иккинчи қисмига биноан, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин. Иш берувчи ходимнинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиши мумкин бўлган бирон бир алоҳида ҳол ёки ҳолат ташкилотнинг жамоа шартномасида назарда тутилиши мумкин эмас.
Масалан, ходим иш куни давомида шу ишни якунлаб улгурмади, ишини тўхтатиб қўйиши эса зарарли ва хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлганда нима қилиш керак деган савол туғилади. Вазиятдан чиқиш учун ходимни ишда олиб қолишнинг қандайдир йўлларини қидириб топиш шарт эмас, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун бунга йўл бермайди. Шунинг учун ишни ташкил этишда ходим вазифаларини пухта аниқлаштириб олиш ҳамда унга иш вақтининг бу вазифаларни бажариш имконини берадиган режимни жорий этиш йўли билан ҳал этиш мумкин.
Юқорида қайд этган ҳолат ишлаб чиқариш ёки бошқа ҳолатга кўра тўхтатишга йўл қўйилмайдиган ишни албатта охирига етказиш назарда тутилган мажбурият меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлиши шарт. Бу тарздаги мажбуриятни бажариш ходимдан иш кунининг ташкилотда белгиланган нормал муддатидан ҳам ортиқроқ иш вақтидан фойдаланишни тақозо этиши эҳтимолини инобатга олиб, бундай ходимлар учун жамлаб ҳисобга олинадиган мослашувчан иш вақти режмини жорий қилиш энг мақбул чора ҳисобланади. Жамлаб ҳисобга олиш усули иш вақтини тегишли йўсинда тақсимлаш имконини беради, хусусан кечиктириб бўлмайдиган якунига етказиш учун ходим мазкур иш кунидан ўзгарувчан қўшимча вақт доирасида фойдаланиш, эртасига ёки бошқа иш кунлари эса ташкилотда ҳамма учун белгиланганига нисбатан ишга тегишинча муайян соат кечроқ келиш ёки ишдан шунча соат олдинроқ кетиш имкониятига эга бўлади.
Ходим иш вақтидан ташқари ишга жалб этилганда ҳар бир ҳолда унинг шахсан розилигини олиниши керак. Шуни ҳам ёдда тутиш зарурки, қонун ҳужжатлари айрим ходимларни уларнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишни таъқиқлайди. Яъни:
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар (МК, 245-моддаси)
I ва II гуруҳ ногиронларига, агар улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда таъқиқланган бўлса (МК, 220-моддасининг бешинчи қисми)
иш сменасининг муддати ўн икки соат қилиб белгиланган ходимлар (МК, 124-моддасининг учинчи қисми).
меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларни бажарувчи ходимлар (МК, 124-моддасининг учинчи қисми);
иш вақтидан ташқари бажарадиган ишларининг муддати қонунда белгилаб қўйилган чегарадан ортиқча бўлган барча ходимлар (МК, 125-моддаси).
Иш вақтидан ташқари ишлар учун ҳақ қандай тўланади?
Меҳнат кодекси 157-моддасининг биринчи қисмига биноан иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки хисса миқдорда, борди-ю ходимнинг илтимосига кўра бошқа дам олиш куни бериш билан компенсация қилинадиган бўлса, камида бир хисса миқдорида ҳақ тўланади.
Алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман, Кодекс ҳақ тўлашнинг фақат энг кам миқдоринигина белгилайди. Ташкилотда локал тартибда ёки тарафларнинг келишуви билан меҳнат шартномасида иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун икки хиссадан ҳам кўпроқ миқдорда ҳақ тўлаш белгиланиши мумкин. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида белгилаб қўйилади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди