26.05.2020. Мен 2 йилдан бери боғчада ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишлайман. Бир ойдан сўнг туғиш таътилига чиқаман. Карантин даврида қайнонам билан ипак қурти олиб боқдик, буни қайнонам менинг номимга расмийлаштириб олдилар. Энди бу ҳақида МТТ мудирасига айтсам, ипак қурти шартномасини номингдан ўчиртир акс ҳолда декрет пули ипак қурти пули ҳисобидан чиқади деябти, шу тўғрими?
Агар Сиз ипак қурти боқиш учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан шартнома тузган бўлсангиз, демак ўриндошлик асосида ишлаётган ҳисобланасиз (бу тўғрисида қонунчиликда талаб қилинадиган даражада меҳнат шартномаси расмийлаштирмаган бўлсангиз ҳам).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик дейилади.
Шу Низомнинг 18 ва 19-бандларида ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгаликлари бунинг учун соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси асос ҳисобланиши қайд этилган.
Шундан ҳулоса қилинадиган бўлса, Сизга айтилган гап қонунчиликка тўғри эмас.
Агар Сиз туғруқ таътили бошланишида ўриндошлик бўйича ишлаб турган бўлсангиз, ҳар иккала иш жойингиздан ҳам туғриқ таътилига чиқишингиз мумкин ва белгиланган тартибда нафақа олишга ҳақлисиз.
Бу қоида, агар Сиз ўриндошликдан ёки асосий иш жойингиздан бўшаганингиздан кейин 1 ой ичида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик варақаси очилган ҳолда ҳам қўлланилади.
Агар Сиз ишлаётган боғча давлат бюджетидан молиялаштириладиган, яъни давлат тасарруфида бўлса, нафақа турар жойингиздаги Бюджетдан ташқари пенсия Жамғармаси томонидан тўланади. Нодавлат боғчаларда (умуман давлат бюджетидан молиявий таминланмайдиган ташиклотларда) нафақа иш жойидан тўланади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди