05.09.2020. Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида “Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик” мавзуида вебинар ўтказилди.
“Zoom” дастури орқали бўлиб ўтган ушбу тадбирда вилоят ҳокимлиги, Мактабгача таълим бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгашидан бир гуруҳ вакиллар иштирок этишди.
Маълумки, “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-Конвенция Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи Конвенцияси ҳисобланиб, ушбу муҳим ҳужжат республикамизда 1997 йил 30 августда ратификация қилинган. Ушбу Конвенцияни маъқуллаган давлат мажбурий меҳнат қўлланишини бартараф этиш юзасидан бир қатор вазифаларни ўз зиммасига олади. Конституциямизнинг 37-моддасида ҳам юртимизда фақат суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат таъқиқлангани таъкидлаб ўтилган.
ХМТ нинг “Тенг аҳамиятли меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларга тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги 100-Конвенциясида эса жинсидан қатъий назар ҳар бир ишчига тенг ҳақ тўлаш принципи олға сурилган. Бунга кўра, меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг таъқиқланиши Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 6-моддасида “Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиши ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқиши, мансаб мавқеи, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларга қараб, меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади”, дея изоҳ бериб ўтилган.
Шунингдек, “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-Конвенция мамлакатимизда 2008 йилнинг 4 апрелида ратификация қилинган бўлиб, унда болалар меҳнатини батамом бекор қилишга йўналтирилган. Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшни ўсмирларнинг тўла жисмоний ва ақлий ривожланиш даражасига мос келадиган ёшгача босқичма-босқич оширишга қаратилган.
Вебинарда «Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ХМТнинг 182-Конвенциясига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу Конвенция республикамиз томонидан 2008 йил 8 апрелда ратификация қилинган бўлиб, бу тарихий ҳужжат мамлакатимизда мавжуд болалар меҳнатига барҳам беришдаги энг катта қадам бўлди десак, тўғри бўлади.
Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 12 июнь санаси – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни, дея расман эълон қилинганига 18 йил тўлди. Ер юзи бўйлаб болаларнинг ҳар қандай кўринишдаги оғир меҳнати тақиқланганига қарамай, ҳозир ҳам дунё бўйича ишлаётган 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар сони 218 миллион нафарни ташкил этади. Шулардан 152 миллиони замонавий кўринишдаги эксплуатацияга учраган бўлса, яна 73 миллиони ҳаёт учун хавфли бўлган меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаётгани ўрганишлар асосида ўз тасдиғини топган.
Болалар меҳнати ўзи нима? Бу – асосан болалар учун хавфли ёки ақлий, жисмоний, ижтимоий, ахлоқий жиҳатдан зарарли ишлар, болаларнинг таълим олишига тўсиқ бўладиган меҳнатдир. Халқаро ва миллий қонунчиликка мувофиқ, 18 ёшга тўлмаганлар бола ҳисобланади.
– Ўтган йиллар мобайнида юртимизда болалар меҳнатига қарши курашиш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилди, – дейди бу ҳақда Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Қаҳрамон Содиқов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ишлар янада кучайтирилди.
Юқоридаги ҳужжатларда белгиланган нормаларга кўра, миллий қонунчиликда 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан мазкур тоифа ходимларининг соғлиғига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, шунингдек, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш тақиқланган.
Орзугул Рустамова