[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.11.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойида кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда унда қабул қилинган Қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Уни бирлашма кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев очиб, сўзни Федерация раиси ўринбосари, Қурултой делегати Қобилжон Қирғизалиевга тақдим этди.

Раис ўрнибосари қайд этганидек, саккизинчи Қурултой зарҳал ҳарфлар билан битиладиган қатор воқеликларга бой тарзда ўтгани билан тарихга кирди. Яъни, унда илк бор давлат раҳбари томонидан делегатларга табрик йўлланди.

Ушбу табрик сўзида давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ифода этишда мамлакатимиздаги энг йирик фуқаролик институти бўлган касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани, Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва бошқа қатор нуфузли тузилмалар билан яқин алоқаларнинг йўлга қўйилгани, аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашда касаба уюшмалари Ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли ҳамкорига айлангани, буларнинг барчаси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг бутунлай янги босқичга кўтарилганининг далолатидир.

Давра суҳбати чоғида Қобилжон Қирғизалиев ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош келишув имзолангани ва кучга кирганига эътибор қаратди. 2016-2020 йилларда Федерация томонидан 2000 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасига таклифлар берилгани, касаба уюшмаларининг бевосита иштирокида илк бор иш ҳақи учун минтақавий ва тармоқ коэффициентлари, шунингдек, иқлим ва яшаш шароитлари оғир ҳамда ноқулай бўлган ҳудудларда ишлаш учун ходимларга қўшимча таътилнинг минимал давомийлиги тасдиқлангани эътиборга моликдир.

Шунингдек, бугунги кунда касаба уюшмалари инспекцияси жамоатчилик назоратининг самарали воситаси сифатида, ишчилар мурожаатларини ўрганиш ва тезкор кўриб чиқиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошираётир.

Таъкидлаш ўринлики, 2016-2020 йиллар давомида амалдаги тармоқ келишувлари сони 95 тадан 107 тагача ўсди. Яъни, ижтимоий шерикликни амалда қўллаш бўйича сезиларли силжишлар кўзга ташланди.

Тариф келишувларида тармоқ бўйича энг кам ва ўртача иш ҳақи, устамалар, компенсация тарзидаги ва рағбатлантирувчи тўловларнинг турлари ҳамда уларнинг энг кам миқдори, тармоқ тариф сеткалари, йиллик асосий ва қўшимча таътилнинг энг кам муддати каби кўрсаткичлар белгиланди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари саъй-ҳаракатлари билан юқоридаги келишувларда соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ишларини ташкил этиш масалалари ҳам ифодасини топди.

Давра суҳбати чоғида 11 ноябрь кунини “Касаба уюшмалари куни” деб эълон қилиш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги Президент таклифи, шунингдек, мамлакатда касаба уюшма мутахассислари тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Академия ташкил этиш юзасидан билдирилган эзгу ташаббусга алоҳида урғу берилди.

Тадбир қатнашчилари томонидан бу тарихий таклиф ва ташаббуслар бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, бу жойлардаги тарғибот тадбирларида кенг жамоатчилик, кўп сонли касаба уюшма аъзолари томонидан ҳам хайриҳоҳлик билан қарши олингани қўшимча қилинди.

Ўз навбатида Қирғизалиев Федерациянинг VIII Қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ҳамда ижтимоий шерикларга йўллаган Мурожаатини ўқиб эшиттириб, соҳа ишини янада равнақ топтиришда, Амир Темур бобомиз эътирофи билан айтганда, “Миллат дардига дармон бўлиш”дек савобли ва хайрли ишларда ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик кўрсатишга чақирди.

Мухтасар айтганда, давра суҳбати ҳароратли муносабатларга бой бўлди. Жумладан, Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Косон туман бўлинмаси кенгаши раиси Озода Дўстмуродова, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Илҳом Сабдаров, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти  касабақўм етакчиси Файзиддин Тиловатов, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи касаба уюшма қўмитаси раиси Норсаид Кўчкинов, АСМ ходимлари касаба уюшмаси Касби туман кенгаши раиси Ботир Исломов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, қатор таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Масалан, ўқитувчиларнинг бир вақтда (асосан ёз фаслида) меҳнат таътилига чиқишини инобатга олган ҳолда санаторий йўлланмалари сонини ошириш ҳамда имкони бўлса, таълим ходимлари учун алоҳида дам олиш маскани ташкил этиш, янги ташкил этиладиган “Касаба уюшмалари Академияси”га биринчи навбатда ўрта махсус маълумотига эга етакчиларни ўқитиш, иш берувчилар билан келишган ҳолда корхона ва ташкилотларда маънавий-маданий, маърифий ва спорт тадбирлари ўтказишни кўпайтириш, ҳозирги кунда қўшма корхоналар ва кластер корхоналари сони ортиб бораётганлигини ҳисобга олиб, касаба уюшма картасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги жиддий ва жўяли таклифлар эшитилди.