24.11.2020. Барчамиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи турли касб эгаларининг катта қизиқиши ва фаолликлари билан тантанали тарзда ўтганлигига гувоҳ бўлдик. Биз ёшлар ҳам Қурултойнинг иш жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб бордик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қурултой иштирокчиларига табрик йўллаш асносида 11 ноябрь санасини Касаба уюшмалари куни сифатида таклиф этганлиги бутун касаба уюшмалари ходимлари, фаоллари ва аъзолари томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.
Ниҳоят барчамиз интиқиб кутган кун бугун Президентимиз томонларидан Касаба уюшмалари куни тўғрисидаги қонун имзоланди ва 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланди.
Таъкидлаш керакки, Касаба уюшмалари кунини нишонлаш бу нафақат соҳа ходимларининг, балки ҳар бир касаба уюшмаси аъзоси бўлган кўп сонли ишчи-ходимларнинг байрами демакдир. Эндиликда ҳар йили ушбу кун тантанали равишда нишонланиб, меҳнаткаш халқимизнинг ҳалол меҳнати эътирофи сифатида тарих зарварақларида қолажак.
Дарҳақиқат, Президентнинг ёшлар камолотига қаратаётган эътибори натижасида Касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ҳам ёш кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашда янги ёндашувга асос яратилди.
Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов томонидан “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016 — 2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида”ги маърузасида охирги 4 йилда давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида халқимиз турмуш даражасини ошириш, одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашини ва фаровонлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар мужассам экани алоҳида таъкидланди. Биз ёшлар ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларда ва халқимиз фаровонлиги йўлида озми кўп ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз. Айни вақтда устозлар билан бир сафда туриб янги ҳаётий тажрибага эга бўлиб бораётганимиздан миннатдорчилик ҳиссини туйишимизни айтиб ўтмай иложимиз йўқ.
Ўз навбатида Президентимиз томонидан “Касаба уюшмалари Академияси”ни, яъни олий нодавлат таълим муассасасини ташкил этилиши таклифи касаба уюшмаси фаол ёшлари томонидан қувонч билан қарши олинди. Дарҳақиқат, келгусида касаба уюшмалари фаолиятида янги истиқболли кадрларни тарбиялашда ушбу Академия янги имкониятлар эшигини очиб бериши шубҳасиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ёшлар бирлашмаси тизимида 14 та тармоқ Республика кенгашлари касаба уюшмалари ва 14 та ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмалари Ёшлар бирлашмалари раислари ҳамда бошланғич касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш комиссиялари раислари ва ёшлар ташкилотчилари фаолият кўрсатаётганлиги, айтиш ўринлики касаба уюшмалари тизимида ёшларга билдирилаётган катта ишонч белгисидир.
Мисол тариқасида айтиш мумкинки, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги 9 мингдан ошиқ аъзоси бўлган “Навоийазот” АЖ касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил ҳисобот сайлов конференциялари натижаларига кўра 30 ёшгача бўлган цех касаба уюшма раислари 30 нафарни ташкил қилади. Касаба уюшма қўмитасида тузилган комиссияларда эса 23 нафар ёшлар жамоатчилик асосида ишлаб келмоқдалар.
Сўзимиз сўнгида айтмоқчимизки, Янги касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда ёшлар бор кучи ва ғайрати билан хисса қўшишига ишонч билдириб қоламиз.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси