[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.01.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим, тарихий воқеа бўлди десак, муболаға бўлмайди.  2017 йилдан буён анъанага айланган ушбу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Маънавият соати”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмунан ва моҳиятан яна бир бора ўрганилиб, касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Онлайн видеомулоқот шаклида ўтказилган “Маънавият соати”да марказий студиядан Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳар Кенгаши, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти, Санатор-курортлар бошқармаси ходимлари, ҳудудий студиялардан ҳудудий Кенгашларнинг аппарат ходимлари, масъул ташкилотчилар иштирок этдилар.

Мавзуни кенг ёритиб бериш учун тадбирга Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси профессори, юридик фанлари доктори Хайдарали Муҳамедов таклиф этилди.

“Маънавият соати”да таъкидланганидек, Ватанимиз келажагига дахлдор бўлган ушбу Мурожаатномада жамиятимиз ҳаётининг ҳеч бир жабҳаси эътибордан четда қолмаган. Мурожаатномада кўтарилган масалалар, белгилаб берилган устувор вазифаларнинг барчаси халқимиз турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Мамлакатимизда барча соҳаларда мавжуд вазият, қисқа вақт ичида мамлакатимиз нуфузи ва салоҳиятини янги босқичга кўтариш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, кўзланаётган марралар ва уларга эришиш борасидаги вазифаларга бағишланган, чуқур  таҳлилларга таянган аниқ рақамлар ҳамда таклифларни ўз ичига олган Мурожаатнома халқчиллиги ва оддий одамларнинг дилидаги орзуларини акс эттирганлиги билан юртимизнинг ҳар бир фуқароси юрагидан жой олди.

“Маънавият соати”да Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолининг етарли даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш  борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш йўналишларидаги фикрлари ҳамда бу борада белгилаб берилган вазифалар ҳам айни муддао бўлгани алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида муҳтарам Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис этиши учун амалга оширилаётган тизимли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги барча ходимлар бор имкониятларини ишга солишлари таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати