07.10.2022. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан видеоконференц алоқа форматидаги семинар ўтказилди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ташаббуси билан дунёнинг барча мамлакатларида нишонланадиган Бутунжаҳон муносиб меҳнат учун ҳаракатлар кунига бағишланган мазкур тадбирда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги бир қатор лойиҳалари координаторлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари ва масъул ходимлари, ҳудудий студиялардан эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари масъуллари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича ўтказилаётган Миллий мониторингнинг ҳудудий гуруҳлари аъзолари, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекторлари иштирок этдилар.
Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлганидек, меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бунга яққол мисол сифатида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини халқаро стандартларга мос ҳимоя қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси қабул қилинаётганлигини, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикасида Муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури” қабул қилинганлигини келтиришимиз мумкин.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан яратилган Муносиб меҳнат Концепциясига биноан маҳсулдор бандлик ва муносиб иш – адолатли глобаллашувга эришиш, камбағаллик кўламини қисқартириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Муносиб меҳнат концепцияси тўртта муҳим стратегик мақсадга, хусусан, меҳнат соҳасида асос солувчи ҳуқуқларни рўёбга чиқариш, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадларига таянади. Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини, балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланиши, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ҳисобланади.
Мана бир неча йилдирки, Муносиб меҳнат куни Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда давлат органлари ва иш берувчилар бирлашмалари ҳам муносиб меҳнатни жорий этишга тайёрлигини намоён қилиб, касаба уюшмалари билан биргаликда бу кунги тадбирларда фаол иштирок этадилар.
– Бугун 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни. Ушбу кун дунёнинг кўплаб мамлкатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам муносиб нишонлаб келинмоқда, – деди Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги миллий координатори Азизхон Ханходжаев. – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан мазкур санага бағишлаб ташкил этилган бугунги семинарда муносиб меҳнат шароитлари ва тамойиллари масалалари муҳокама этилди. Алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, охирги йилларда Ўзбекистон муносиб меҳнат борасида сезиларли даражада фаоллик кўрсатмоқда. Хусусан, учтомонлама шериклар кун тартибида бўлган халқаро меъёр ва стандартларни ҳамда аҳоли ўртасида муносиб бандликни илгари суриш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш каби кенг кўламли стратегик масалаларни қамраб олган “Муносиб меҳнат бўйича янги Мамлакат дастури” имзоланди. Халқаро меҳнат ташкилоти бундан буён ҳам мазкур Мамлакат дастурини амалга ошириш борасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди ва яқин ҳамкорликни давом эттиради.
Семинарда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалга татбиқ этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда жамоа шартномаларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Сўзсиз мазкур жараёнда ходимлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2022 йил 1 апрель холатига республика бўйича қарийб 20 мингта корхона ва ташкилотда жамоа шартномалари асосида ягона тариф сеткасида белгиланган разрядлар коэффициенти кўтарилган бўлиб, бу орқали ходимларнинг иш ҳақлари оширилишига эришилган. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида касаба уюшмалари органлари томонидан иш берувчиларга, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига, банкларга, ҳуқуқий инспекцияларга, прокуратура ва суд органларига 108 марта мурожаат қилиниб, ходимларга 44 миллиард 416 миллион сўмдан ортиқ ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилишига эришилди.
Онлайн семинар давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ўртасида биргаликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан қабул қилинган Қўшма-тадбирлар режаси асосида ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирлар ва уларнинг натижалари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилаётган Миллий мониторинг жараёнининг бориши, меҳнатга адолатли ҳақ тўлашдаги вазифалар ҳам муҳокама этилди. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар учун яратилаётган муносиб меҳнат шароитлари, бу орқали меҳнаткашлар турмушида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, касаба уюшмаларининг норасмий ва ностандарт бандлик бўйича мониторинги хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Семинар давомида пахта теримчилари учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари, миллий мониторинг жараёнлари тўғрисидаги видеорепортажлар ҳам намойиш этилди.
Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар семинар жараёнида бўлиб ўтган мулоқот ниҳоятда фойдали ва самарали бўлгани ҳамда унинг ходимлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари