28.11.2022. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 апрелдаги 232-сонли “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг “Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республикамизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида”ги 6-41″с”-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бир қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, тармоқ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида Республикамиздаги тарихий шаҳарлар бўйлаб саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Ана шундай саёҳатларнинг навбатдагиси “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ касаба уюшма қўмитаси томонидан ташкил этилди. Корхонанинг бир гуруҳ ишчи-ходимлари жорий йилнинг 24-25 ноябрь кунлари Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланиб бораётган кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳатга олиб чиқилди.
Жуда сермазмун ва қизиқарли ўтган саёҳат давомида меҳнаткашлар бир олам таассурот олдилар.
– Саёҳат давомидаги мароқли ҳордиқ ва бой таассурортлар бизга кўтаринки руҳ ва куч-ғайрат бахш этди. Янги иш ҳафтасини аъло кайфият билан бошладик. Демак, ишимиздаги унум ҳам шунга яраша юқори бўлади, – дея қувонч билан таъкидладилар саёҳат иштирокчилари.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати