[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.10.2014. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан касаба уюшма ташкилотларининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий янгиланишлардаги роли, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига аҳолининг муносабати мониторинг  усулида ўрганиб келинади. Мазкур тадқиқот  касаба уюшмалари фаолиятида рўй бераётган ўзгаришлар меҳнат аҳли томонидан  қандай баҳоланаётгани ҳамда мамлакатимизда  демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва  фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида жамиятнинг барча тармоқларини модернизация қилиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг, шу жумладан, касаба уюшмаларининг ролини ошириш борасида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини  ўрганиш нуқтаи назаридан долзарб аҳамиятга эгадир.

 

Касаба уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида гап борганда, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар, деб белгилаб қўйилган. Касаба уюшмаларининг фаолияти юқорида тилга олинган Концепциядан келиб чиқади, яъни асосий йўналишлардан бири меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун юксак даражадаги қулай шарт-шароит яратишдан иборатдир.

 

Жорий йилнинг 25 сентябрида Ўзбекис­тон Республикаси Президенти «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Ушбу Қонун шу йилнинг 18 июнида  Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган эди.

 

Мазкур ҳужжат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмини белгилаб бериш билан бирга, турли табақага мансуб аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Унда ижтимоий шерикликнинг асосий тармоқлари ҳисобланган ижтимоий ҳимоя, аҳолининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш, бандликни таъминлаш, аҳолининг меҳнат ва соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни ҳимоялаш кўзда тутилган.

 

Ушбу вазифаларни ҳал қилишда корхона ва ташкилотларда  қулай иш шароити яратиш юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали фуқароларнинг иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол қатнашаётган касаба уюшмаларига  муҳим  ўрин ажратилган.

 

Касаба уюшмаларининг асосий ҳуқуқларидан бири, бу иш берувчи билан жамоа шартномасини қабул қилишнинг асосий шартлари хусусида музокара олиб бориш ва ходим номидан розилик бериш, бу шарт­ларнинг бажарилишини назорат қилишдан иборатдир. Касаба уюшмаларининг меҳнат соҳасидаги  ижтимоий шериклик фаолияти асосан тўртта — умуммиллий, тармоқ, ҳудудий ва маҳаллий  йўналишда олиб борилади. Умуммиллий даражадаги ижтимоий мулоқотда ходимлар манфаатини Вазирлар Маҳкамаси ва Савдо–саноат палатаси билан фаол ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳимоя қилади.

 

Ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан имзоланган 2014-2016 йилларга мўлжалланган Бош келишувга  амал қилинмоқда. Шунинг асосида қабул қилинган 85 тармоқ, 14 та ҳудудий ва 97583 та жамоа шартномалари корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантириш ва такомиллаштиришда  муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Жамоа шартномаларини тайёрлаш ва қабул қилишда ижтимоий шериклик тамойилларидан кенг фойдаланилмоқда ва уларнинг бажарилиши касаба уюшмалари томонидан назоратга олинган. Касаба уюшмалари  корхона ва ташкилотларда иш берувчилар томонидан  адолатли ва қулай иш шароити яратилиши юзасидан ҳам жамоат назоратини амалга оширмоқда.

 

Мазкур тадқиқотнинг асосий мақсади — бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида касаба уюшмаларининг тутган ўрнини, шунинг­дек, Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг барча ташкилий тизими ва йўналишларини амалда қамраб олган ҳамда Федерация кенгаши томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга аъзолар муносабатини аниқлашдан иборат.

 

Жамоатчилик фикрини ўрганиш юзасидан ўтказилган мониторинг   қатнашчиларининг кўпчилиги, яъни  97,5 фоизи иш жойига кўра касаба уюшма аъзоси эканини кўрсатди. Ушбу рақам касаба уюшмалари ўз сафига меҳнатга қобилиятли қарийб барча фуқароларни бирлаштирган меҳнаткашларнинг энг оммавий ташкилоти эканини тасдиқлайди.

 

Мамлакатимизнинг аксарият  фуқаролари  ўзларининг касаба уюшмага аъзо бўлиш сабабини ижтимоий муҳофаза ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясига боғлиқ интилиш ва умидлари ушбу ташкилот билан чамбарчас боғлиқ эканлиги билан изоҳлашмоқда. Тадқиқот натижаларига кўра, сўров қатнашчиларининг кўпчилиги касаба уюшма ташкилотларининг муҳим ва устувор вазифаси меҳнаткашларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий   ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний ҳимоячиси ҳисоблайди.

 

Бундан ташқари, фуқаролар томонидан касаба уюшма аъзолиги ҳозирги пайтда касаба уюшмалари томонидан берилаётган  аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам, сиҳатгоҳлар ва болалар соғломлаштириш оромгоҳларига  йўлланма бериш, турли шаклдаги спорт ва маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш борасида  турли имтиёзлардан фойдаланиш воситаси эканлиги эътироф этилади.

 

 2011 йилнинг ноябр ойидан бошлаб Ўзбекистон КУФК раҳбарияти ташаббуси билан касаба уюшма ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини кескин юксалтирадиган, ишларнинг сифати ва натижасини оширадиган ислоҳотларга катта ғайрат-шижоат билан киришилди. Сўров қатнашчиларининг аксарияти амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини ижобий баҳолаб, шунинг самараси ўлароқ ўзлари ишлаётган корхона ва ташкилотларда янгиланишлар рўй берганини, давлат, иш берувчи ва касаба уюшмалари ўртасида таъсирчан ижтимоий мулоқот йўлга қўйилганини таъкидлашган. Респондентларнинг асосий қисми меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг ривожланиши  туфайли ўз ташкилотлари билан  муносабатлари жамоавий-шартнома асосига қурилганини, ўзлари ҳам ушбу шартномаларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этганликларидан мамнун эканликларини билдиришган.

 

Фуқароларнинг фикрига кўра, жамоа шартномалари тузилиши  раҳбарлар ходимлар ҳаётий қизиқиши ва эҳтиёжларидан кўпроқ хабардор бўлишига хизмат қилиш билан биргаликда, томонларнинг ўзаро мажбурияти ходим билан маъмурият ўртасидаги низоли масалаларни бартараф этиш, муаммоларни ечишда ҳам муҳим омил бўлмоқда.

 

Натижада, жамоаларда соғлом маънавий муҳит яратилиб, меҳнат унумдорлиги  ва бошқа кўрсаткичлар ошаяпти. Тадқиқот давомида аён бўлишича, меҳнат жамоалари жамоа шартномасининг якуний варианти қабул қилинишига катта таъсир ўтказмоқда. Иккитадан бир респондентнинг қайд этишича, жамоанинг барча таклифлари жамоа шартномасини тузишда тўлиқ ҳисобга олинган. Шундай қилиб, жамоа шартномалари «ижтимоий шериклик» атамасидан келиб чиққанда, иш берувчи билан меҳнат жамоаси ўртасидаги  муносабатнинг янгича ҳужжатлаштирилган ифодасига айланган.

 

Сўров натижалари  меҳнаткашларнинг кейинги пайтда  ижтимоий ҳимоянинг долзарб йўналишларидан бири сифатида ижтимоий шериклик  хусусидаги хабардорлиги ошганини кўрсатди. Буни кўпчилик корхона ва ташкилотларнинг  ишлаб чиқариш муносабатларини ижтимоий шериклик тамойиллари асосига қураётгани ҳам тасдиқлайди.

 

Тадқиқотнинг кўрсатишича, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ишининг  энг муҳим натижаларидан бири, бу ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратилганидир. Хусусан, охирги пайтда деярли барча кичик бизнес корхоналарида ушбу хусусий корхоналардаги ёлланма ишчиларнинг меҳнат ва касбий манфаатларини ҳимоя қиладиган касаба уюшмалари тузилган.

 

Сўров қатнашчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ташкилот ва корхоналарнинг жамоа шартномаларига хотин-қизлар ҳамда ёш ходимларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қўшимча имтиёзлар беришга оид қатор қоидалар киритилганини ижобий баҳолаган. Меҳнат жараёнида хотин-қизларнинг фаоллиги йил сайин ошиб бораётгани тадқиқот якунида яна бир бор аён бўлди. Сўров қатнашчилари ўз ташкилотларида раҳбарлик лавозимида ишлаётган аёллар сони ошганини қайд этган, бу эса хотин-қизлар касб маҳорати ва салоҳияти юксалаётганининг белгисидир.

 

Сўров натижаларидан касаба уюшмаларининг ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва улар касб маҳоратини ошириш борасидаги роли қониқарли баҳоланаётгани аёнлашди. Маълум бўлишича, ташкилот ва корхоналар раҳбарларининг иккитадан бири 30-35  ёшдаги фуқаролардир. Сўров иштирокчилари ёш ходимларнинг оилаларига ҳам сезиларли мадад берилаётганини тасдиқлашди.  Уй-рўзғор ашёлари харид қилиш, уй-жой қуриш учун ссудалар берилаётгани ҳам ижобий баҳосини олди.

 

Фуқароларнинг фикрига кўра, касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналиши меҳнаткашларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Тадқиқот жараёнида кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар туфайли касаба уюшма ташкилотларининг ушбу йўналишдаги фаолияти янада кенгайгани маълум бўлди. Қатнашчиларнинг учдан бир қисми жамоа шартномаларида кўзда тутилганидек касаба уюшмалари мажбурияти доирасида моддий ёрдам олганликларини билдирди. Шунингдек, ёш мутахассислар ва ёш оилаларга берилаётган моддий ёрдам миқдорининг сезиларли даражада ошгани ҳам касаба уюшмалари фаолиятидаги ижобий янгиланишлар сирасига киради.

 

Аҳолининг  фикрича, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш касаба уюшмаларининг доимий диққат-эътиборида. Сўралганларнинг кўпчилиги ўзлари аъзо бўлган касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг меҳнат  ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясига оид вазифаларни самарали ҳал этаётганини қайд этган.

 

Сўров натижаларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон касаба уюшмалари муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш ва яратишда ҳам доимий иштирок этмоқда. Сўнгги йилларда касаба уюшмаларининг корхоналарда қулай ва хавфсиз иш ­шароити яратиш, меҳнат қонунчилигига риоя қилиш юзасидан жамоат назоратини амалга ошириш борасидаги  фаоллиги  янада ошган.

 

Касаба уюшмаларининг обрўси ва фаоллиги юксалаётганини билдирадиган кўрсаткичлардан яна бири  улар томонидан ҳал этилаётган фуқароларнинг аниқ саволлари ҳамда муаммоларининг  сони ва хусусияти билан белгиланади. Ушбу ­тадқиқот эса ходимларнинг касаба уюшмаларига мурожаати миқдори ҳамон юқори эканини кўрсатди. Сўров қатнашчиларининг учдан икки қисми касаба уюшма ташкилотларига у ёки бу масалада бепул ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилган. Мурожаат этилган масалаларнинг асосий қисми ижобий ҳал қилинган.

 

Фуқароларнинг фикрига қараганда, касаба уюшма қўмиталари ва фаоллари ўз меҳнат жамоаларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётида фаол қатнашмоқда. Сўралганларнинг кўпчилиги меҳнат жамоаларида касаба уюшмаси йиғилишлари мунтазамлилик касб этганлигини эътироф этишган. Аксарият касаба уюшмаларида  мажлислар ҳар чоракда ўтказиб борилаётир.

 

Шунингдек, сўров жараёнида меҳнаткашларнинг муаммолари уларнинг иш ­жойидагина эмас, балки туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги тармоқ  касаба уюшмалари раҳбарларининг ҳам доимий диққат-эътиборида экани маълум бўлди. Сўралганларнинг ҳар иккитадан биттаси ёки 54,7 фоизи туман, шаҳар, вилоят ҳамда Республика тармоқ касаба уюшмалари раҳбарлари, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўз корхоналарига охирги марта жорий йилда  ташриф буюрганини қайд этган.

 

Таъкидланишича, касаба уюшмалари томонидан меҳнат жамоаларида турли маданий-маърифий, кўнгил­очар ва спорт тадбирларини ўтказишга катта эътибор берилмоқда. Ушбу тадбирлар асосан миллий байрамлар ва турли саналар муносабати билан ташкил этилади. Энг муҳим жиҳат, респондентларнинг мутлоқ кўпчилиги касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган, маънавий  жиҳатдан бойитадиган, корхона, муассаса ва ўқув юрти жамоасини жипслаштирадиган ушбу  байрам оқшомлари, концертлар, кўриклар, спорт тадбирларида бевосита иштирок этганлигидир.

 

 Сўнгги йилларда касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини ислоҳ қилиш ва янгилаш жараёнида ходимлар ва улар оила аъзоларининг дам олишини ташкил этишда ижобий натижаларга эришилган. Сўров якунларига қараганда, касаба уюшмалари меҳнаткашларни соғломлаштириш, дам олиш уйлари, сиҳатгоҳ ва болаларни соғ­ломлаштириш масканларига йўлланмаларнинг  қийматини тўлиқ ёки қисман тўлаб бермоқда.

 

Сўралганлар фикрига кўра, касаба уюшма ташкилотлари ишини ислоҳ қилиш самараси кўпроқ қуйидаги соҳаларда намоён бўлмоқда:меҳнат қонунчилигига риоя қилинишининг доимий назоратини амалга ошириш; қулай ва хавфсиз иш шароити яратиш; меҳнат жамоалари аъзолари томонидан жамоа шартномалари тузилишини таъминлашни назорат қилиш; корхона ва ташкилот ходимларига ижтимоий ёрдамнинг сезиларли даражада ўсиши; ишлаб чиқариш жамоаларида меҳнаткашларнинг ижтимоий фаоллигини оширадиган барқарор ва қулай  муҳит яратилиши. Сўнгги йилларда касаба уюшмаларининг бевосита иштироки туфайли иш ҳақини ўз вақтида тўлаш соҳасида ҳам самарали натижаларга эришилди.

 

Тадқиқот иштирокчиларининг фикрича, касаба уюшмаларининг келгусидаги фаоллиги уларнинг меҳнаткашларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, жамоа шарт­номаларида кўрсатилган барча шарт­ларнинг сўзсиз бажарилишига эришиш, зарарли шароитда ишлаётган ходимларга товон пули тўланишини назорат қилиш, ёш болали ишловчи оналарнинг имтиёзларини кўпайтириш борасидаги имкониятларини янада кенгайтиришдан иборат бўлмоғи лозим. Шунингдек, ёш  болали ва серфарзанд оилаларга, ногиронлар, пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифадаги ходимларга  манзилли моддий ёрдамни кўпайтиришга оид ишларни кенгайтириш ва фаоллаштириш ҳам касаба уюшмалари фаолиятининг  муҳим йўналиши саналади.

 

Умуман олганда, тадқиқот натижалари  касаба уюшмаларининг мамлакатимизда фуқароларни ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилаётган ва қўллаб-қувватлаётган, уларнинг меҳнат ва касбий ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаётган энг оммавий ташкилот эканини яна бир бор тасдиқлади. Фуқаролар касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни етарли даражада ижобий баҳолаб, шу жараёнда кўплаб самарали янгиликлар ҳаётга жорий этилганини, иш берувчи ва меҳнат жамоаси ўртасидаги ижтимоий шериклик кўламини кенгайтиришга имкон яратилаётганини, давлат ва иш берувчи ўртасидаги ижтимоий мулоқотнинг амалий натижа бераётганини қайд этдилар.

 

Сўров иштирокчилари касаба уюшмалари фаолиятидаги янгиланишларни давом эттириш зарурлигини, бунда асосий эътибор касаба уюшма аъзоларининг меҳнат, касбий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилиши лозимлигини билдирдилар.