18.10.2023. Чимкентда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг (МОМКУК) IV йиғилиши бўлиб ўтди.
Унинг ишида Кенгаш аъзоларии – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон миллий касаба уюшма марказлари раҳбарлари ҳамда делегация аъзолари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро миграция ташкилоти экспертлари иштирок этди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг IV йиғилиши иштирокчилари минтақа мамлакатларида меҳнат миграциясини тартибга солиш, МОМКУК Ёшлар кенгашини тузиш бўйича меъёрий ҳужжатларни ҳамда Халқаро ва ички туризмни ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш, мукофотлаш фаолияти Концепциясини муҳокама қилиш ва “Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмаларининг 2023 йилдаги энг яхши Жамоа шартномаси” минтақавий кўрик-танлови якунлари тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Йиғилишни очиб берган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби Сатибалди Даулеталин иштирокчилар эътиборини Кенгашнинг Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раислик қилган йил давомидаги фаолияти якунларига қаратди. Хусусан, у Кенгаш ташкил этилганидан буён Марказий Осиё мамлакатлари миллий касаба уюшма марказлари интеграциялашуви йўналишида ҳамкорликда катта қадамлар қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий-меҳнат муносабатларини янада яхшилаш, маданий ва спорт соғломлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи қатор тадбирлар муваффақиятли ташкил этилиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар уйғунлиги таъминланганини қайд этди.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолари бўлган Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистон миллий касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари ўз чиқишларида Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерациясининг Кенгаш фаолиятини изчил ривожлантиришга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтдилар ҳамда йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалар ва Кенгаш фаолиятини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган самарали фаолиятга алоҳида урғу бериш билан бирга Кенгаш фаолиятини янада ривожлантириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига тўлақонли аъзо сифатида кириши бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш таклифи билдирилди.
– Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари, муҳтарам Президентлар чегаралардаги барча тўсиқларни бартараф этиш, интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, жадал ривожланиб бораётган минтақамиз халқлари ўртасида дўстлик ва яқин қўшничилик муҳитини таъминлаш борасида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдалар, – деди жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. – Маълумки, касаба уюшмаларининг асосий мақсадларидан бири одамларга ғамхўрлик кўрсатиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишдир. Шу боис минтақадаги касаба уюшма ташкилотлари ижтимоий-меҳнат муносабатлари жараёнларининг фаол иштирокчисидир. Буни икки йил аввал биз тузган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг муваффақиятли фаолияти ҳам тасдиқлайди. Ўтган давр мобайнида жуда кўп ишлар амалга оширилди, шу билан бирга олдинда ҳали кўплаб катта ва муҳим вазифалар турибди.
Кенгаш йиғилишида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Маликшо Неъматзода ўз ҳамкасбларини меҳнат миграцияси муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этишга чақирди.
Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбари Эмиль Кизаев мавзуни давом еттириб, МОМКУК доирасида чегараолди ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Эрдэнэбат Сухбаатар Кенгашнинг халқаро ва глобаль институтлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё сектори (ACTRAV/МОТ) мудири Сергеюс Гловацкас ўз чиқишида МОМКУК ва ХМТ ўртасида юксак даражадаги муносабатлар йўлга қўйилганини таъкидлади.
– Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши зарур ва амалда ишловчи ташкилотдир, – деди жумладан, Сергеюс Гловацкас. – Ўтган икки йил давомида Халқаро Меҳнат Ташкилоти Кенгаш билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга оширди.
Кун тартибидаги мавзуни Халқаро миграция ташкилотининг Қозоғистондаги вакили Алпамыс Асабаев давом эттирди. У Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Минтақадаги меҳнат миграцияси масаласини кўриб чиқишнинг асосий якуни – МОМКУКга аъзо бўлган миллий касаба уюшмалари марказлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувнинг имзоланиши бўлди. Ҳужжатга кўра, бешта давлатнинг миллий касаба уюшмалари марказлари меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини ўз мамлакатлари ҳукуматлари даражасида илгари сурадилар. Бундан ташқари, касаба уюшмалари меҳнат мигрантларига улар ишлаётган мамлакатда касаба уюшмаларини тузишда ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдамларини кўрсатадилар.
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг IV йиғилишида шунингдек, МОМКУК Ёшлар кенгаши таркиби ва Низоми, Халқаро ва ички туризмни ривожлантириш Концепцияси ҳам тасдиқланди.
Йиғилиш якунида “Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмаларининг 2023 йилдаги энг яхши Жамоа шартномаси” минтақавий кўрик-танлови натижалари сарҳисоб қилинди. Кўрик-танлов натижаларига кўра Ўзбекистондаги «Termiz Dario Porti» МЧЖ, Тожикистондаги “Нурек ГЕС”, Мўғулистон фуқаро авиацияси Бош бошқармаси, Қирғизистондаги “Тазалык” муниципал корхонаси, Қозоғистондаги “Соколовско-Сарбай кон-бойитиш ишлаб чиқариш бирлашмаси ва турдош корхоналар” AЖ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари кўмагида қабул қилинган Жамоа шартномалари энг яхши деб топилиб, мазкур корхоналарнинг касаба уюшма қўмиталари раислари МОМКУК мукофотлари билан тақдирланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2024-йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашига раислик қилиш Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерациясига ўтади ва ва тегишли тартибда Кенгашнинг V йиғилиши Душанбе шаҳрида ўтказилади.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари