18.12.2023. Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмасининг икки врачи – Мамашариб Нурмуратов ва Абдумўмин Эгамбердиев 29 йил меҳнат таътилига чиқмай, иш берувчининг талаби билан хизмат қилган ва шу йиллар мобайнида таътил учун қўшимча маблағ тўлаб берилмаган.
Ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқини тиклашни сўраб, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти кенгашига йўллаган мурожаати қонуний тартибда ўрганиб чиқилди ва улар ҳақлиги аён бўлди. Мурожаатчиларнинг манфаатларини кўзлаб, судга даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарори билан иш берувчидан Мамашариб Нурмуратовга 330 миллион 145 минг 80 сўм, Абдумўмин Эгамбердиевга 266 миллион 767 минг 489 сўм компенсация ундириладиган бўлди.
Бир қарашда одилона қарор билан икки шифокорнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқи тикланиб, салкам 30 йиллик меҳнат муносиб баҳоланди. Аммо масаланинг бир оғриқли жиҳати бор.
Хўш, нима учун таътил пуллари ўз вақтида берилмаган? Бу ҳолат қандай йўллар билан ҳар йилги аудит текширувлардан ўтиб кетган? Ахир, бирданига тўланаётган бу суммалар кичкина маблағ эмас. Ҳисобчилар шу иши билан муассасанинг йиллик бюджетига яхшигина салбий таъсир кўрсатаётганини англашмаганми?
Афсуски, «ишлаб тур, ҳақингни оласан» қабилида қилинаётган бу ишлар биргина Ғаллаорол тиббиёт бирлашмасида учраётган ҳолат эмас. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти кенгаши томонидан тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган 216 нафар ходимнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқи суд орқали ҳимоя қилиниб, уларнинг фойдасига моддий ва маънавий зарарлар ундирилгани сўзимиз исботи.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ташкилот, муассаса раҳбарлари, уларнинг бош ҳисобчилари меҳнат қонунчилигидан хабардор эмасми ёки шунчаки писанд қилмаяптими?
Мелитожи Яқубов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти кенгаши раиси