09.04.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да “Тармоқ тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантириш бўйича 2024 йил учун “Йўл харитаси” ва “2024 йилда Республика кенгашининг ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик ёшлар Дастури”да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Тошкент вилояти Янгийўл туманида жойлашган 1-умумий ўрта таълим мактабида қатор тадбирлар ташкил этилди.
Президентимиз раислигида 2023 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишда Президентимиз замон учун муҳим ва долзарб бўлган саволларни, жумладан, “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими?”,‒ дея қатъий берар экан, қуйидагиларни таъкидлади.
“Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, ‒ деган эди Шавкат Мирзиёев.
Шу маънода Республика кенгаши томонидан “Саховат–беминнат назр” шиори остида 1-умумий ўрта таълим мактаби фондига фойдаланиш учун нусха кўчириш ускунаси, компьютер жамланмаси ва мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси ва янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси, жадид адабиёти намоёндалари ва биринчи ренессанс алломалари асарлари, турли қизиқарли бадиий асарлар тўплами беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.
Шундан сўнг “Жаҳолатга қарши маърифат” деган ғоя асосида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини ўрганишга қаратилган Республика кенгаши мутахассислари, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида давра суҳбати ва бадиий тадбир ўтказилди.
Давра суҳбати давомида мутахассислар ёшларга бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳаётий мисоллар асосида гапириб бердилар. Шунингдек, жадидчилик ҳаракати, унинг тарихи ва жадид аждодларимизнинг олиб борган фаолиятлари ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, давра суҳбатида қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, айниқса, сўнгги йилларда тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, файласуф, ҳуқуқшунос, санъатшунос ва педагог олимлар томонидан жадидларнинг бой илмий ва адабий меросни ўрганишга катта аҳамият қаратилаётганлиги айтиб ўтилди. Дарҳақиқат, бугунги кунда жадид боболаримиз каби ёшлар таълимига жиддий аҳамият қаратишимиз зарур, зеро, мамлакатни ривожлантириш учун биринчи навбатда ёшларнинг тафаккурини, онгини ўстириш керак, бусиз иложи йўқ. Шу билан бирга ватан ишқида ёниш, ватанни севиш биринчи ўринда бўлиши ва ҳеч қандай манфаатларсиз ватанни севиш туйғуларини юрагимизга сингдирсак шунда ўсиш бўлади, шунда миллий ғурур мустаҳкам бўлади.
Давра суҳбати сўнгида ўқувчилар ўзларининг тайёрлаган бадиий саҳнавий чиқишларини намойиш этдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси