03.12.2024. Навоий ҳазратлари бир кўнгли бузуқнинг хотирин жам айлашни кабани обод қилишга тенглаганлар. Дарҳақиқат, кўнгли ўксик инсонларга шодлик улашиш орқали инсон ўзи ҳам роҳат топади.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали улар турли имтиёзлардан фойдаланиб, ўзларининг жамиятдаги ва жамоадаги мавқеларини мустаҳкамлашга муваффақ бўлмоқдалар.
3 декабрь – халқаро ногиронлар куни муносабати билан тармоқ касаба уюшмамиз томонидан кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилди. Тасарруфимиздаги корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатувчи ногиронлиги бўлган ходимлар ҳолидан хабар олинди. Ижтимоий химоя миллий агентлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаблар ва бошқа муассасаларда маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилиб, совғалар улашилди.
Жумладан, Хива мурувват уйида, Хива шаҳар 3-сон кўп тармоқли ихтисослаштирилган умумий турдаги давлат мактабгача ташкилотида ўтказилган тадбирларимиз ниҳоятда самимий руҳда кечди.
Бу каби тадбирлардан мақсадимиз ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларга нисбатан муносабатни яхшилаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашдир. Тадбирларда кўргазмали чиқишлар, концерт дастурлари намойиш қилинди. Айниқса, турли касалликлардан азият чекаётган болажонларимиз эътибордан ниҳоятда мамнун бўлдилар.
Шокир Аллаберганов
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси