13.02.2025. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2025 йилнинг Навоий вилоятида Алишер Навоий йили, деб эълон қилиниши, шунингдек, буюк мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан қизилқум воҳасида “Алишер Навоий ва шарқ Ренессанси” мавзусидаги IV халқаро илмий-назарий симпозиумнинг ўтказилгани унутилмас тарихий воқеага айланди.
Дарҳақиқат, илм 584 йилдан кейин ҳам замонавий карвон йўлларини нур ва зиё билан Навоийга етаклади. Халқаро симпозиумда Белгия, АҚШ, Венгрия, Покистон, Россия, Эрон, Миср, Озарбайжон, Туркия, Шимолий Кипр, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 20 га яқин давлатнинг, шунингдек республикамизнинг навоийшунослари, арбоблар, маданият ва санъат намояндалари, йирик олий ўқув юртлари профессорлари йиғилдилар.
Уларнинг барчаси Навоий меросини ўрганиш, унинг ғояларини замонавий жамиятга татбиқ этиш, Шарқ Ренессансидаги ўрнини янада чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Навоийда жам бўлишди.
Меҳмонларни дастлаб Навоий темир йўл вокзалида вилоят масъуллари самимий кутиб олдилар. Уларни кутиб олиш маросимида Навоийнинг бебаҳо меросини эслаш, унинг ғояларини замонавий жамиятга татбиқ этиш бўйича амалий ишларни давом эттиришга бўлган иштиёқ янада кучайди.
Мана беш асрдан ортиқ вақт ўтдики, Навоий даҳосига бўлган қизиқиш, макон ва замон танламайдиган шоирнинг дилбар ва шоҳ асарларига бўлган муҳаббат ортса ортдики, асло сўнгани йўқ. Нафақат туркий олам, балки бутун башар улуғ мутафаккир ғазалларининг янги-янги маъноларини кашф қилиш билан бирга баҳараманд ҳам бўлмоқда.
Симпозиумнинг ялпи мажлиси Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат масканида ташкил этилди. Мамлакатимиз Президентининг «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси IV Халқаро симпозиуми иштирокчиларига» табригини Республика Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирокчиларни юксак маърифий-маънавий анжуман билан қутлаб, мамлакат раҳбари қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш навоийликлар учун юксак масъулият ва шараф иши эканлигини таъкидлади.
Тадбирда сўз олган АҚШ ва Туркия, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларидан келган таниқли навоийшунос олимлар ҳазрат Алишер Навоий даҳоси умуминсоният мулкига айланганини қайд этишди.
Анжуманда навоийшунослик йўлидаги фидокорона хизматлари учун Анқара шаҳридаги Бошкент университети профессори, Алишер Навоий номидаги тадқиқотлар амалий маркази директори Абдурраҳман Гузел ва Принстон университети профессори (АҚШ) Ризо Жалолий Балхийга «Навоий шаҳрининг фахрий фуқароси» унвони топширилди. Бир қатор тадқиқотчилар ташкилотчиларнинг кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Симпозиум доирасида вилоятдаги олий ўқув юртлари, маҳалла ва ишлаб чиқариш корхоналарида таниқли олимлар, ижодкорлар иштирокида навоийхонлик, адабиёт ва китобхонлик кечалари ташкил этилди. Бу тадбирлар буюк мутафаккирнинг бой меросини ўрганиш ва унинг ғояларини кенг жамоатчиликка тарғиб қилишга хизмат қилади.
Назира Тоғаева
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят кенгаши раиси