14.04.2025. Фориш туманида содир бўлган ишчига нисбатан адолатсизлик касаба уюшмалари аралашуви билан бартараф этилди.
2023 йил 5 декабрь куни Жиззах вилояти Фориш туманида яшовчи Саманов Элмурод “KARBONAT” АЖда электр-газ пайвандловчи сифатида иш вақтида ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида тан жароҳати олди. Ҳодиса Н-1 шаклида расмийлаштирилиб, ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилди. Тиббий хулосага кўра, у 70% касбий меҳнат лаёқатини йўқотган деб топилиб, II-гуруҳ ногиронлиги белгиланди.
Бироқ, 2024 йил сентябридан 2025 йил мартгача бўлган ойма-ой тўланиши лозим бўлган зарар пули — 18 784 160 сўм — иш берувчи томонидан ҳеч қандай асоссиз тўланмади. Самановнинг турмуш ўртоғи Турғунова Ойсафар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилоят Кенгашига мурожаат қилди.
Кенгаш томонидан масала ўрганилиб, 2025 йил 24 февралда “KARBONAT” АЖ иш берувчисига тақдимнома юборилди. Аммо иш берувчи унга ижобий муносабат билдирмади. Шу сабабли жабрланувчининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фориш туман судига мурожаат қилинди.
2025 йил 25 мартда суд ҳал қилув қарори чиқарди: Саманов Элмурод фойдасига 18 784 160 сўм зарар пули,
1 000 000 сўм маънавий зарар,
37 500 сўм почта харажатлари — жами 19 821 660 сўм ундирилиши,
Қўшимча равишда иш берувчидан давлат фойдасига 3 931 249 сўм давлат божи ундирилиши белгиланди.
Бу ҳолат касаба уюшмаларининг ишчи-ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим ролини яна бир бор намоён этди.
А. Бурханов
Жиззах вилоят Кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси