16.06.2025. Хоразм вилоятида 410 мингдан ортиқ аъзони ўз атрофига жамлаган 2500 дан зиёд бошланғич ташкилот фаолият юритмоқда. Улардан 575 таси агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларидир.
Ушбу тармоқ тасарруфидаги бошланғич ташкилотларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ва конференциялар юқори уюшқоқлик ва кўтаринки руҳда ўтказилди. Уларда сайланган 575 нафар етакчидан 116 нафари аёллар, 67 нафари эса 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма қўмитасига сайланган раисларнинг 71 нафарига биринчи марта ушбу вазифада ишлаши учун ишонч билдирилди.
Бошланғич ташкилот етакчисининг ташкилотчилик қобилияти, билимдонлиги ва ташаббускорлиги аъзолар манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, жамоа шартномаларининг тўлиқ ижросини таъминлашга хизмат қилади.
Янги сайланган етакчилар учун Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти ташкилоти томонидан ўтказилган семинарда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирни тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Шавкат Сафарбоев олиб борди.
Семинарда Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Шавкат Жавлонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик тарихи, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, касаба уюшма аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳамда халқаро ҳамкорлик тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши масъул ходимлари томонидан бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, жамоа шартномалари орқали ходимлар манфаатларини ифода этиш ва ҳимоялаш, ижтимоий суғурта тизими, соғломлаштириш ишлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасидаги вазифалар хусусида атрофлича тушунтиришлар берилди.
Савол-жавоблар ва фикр алмашинувига бой тарзда ўтган семинарда тажрибали касаба уюшма етакчилари ўз фаолиятлари ҳақида маълумот бериб, амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Муҳаббат Тўрабоева