[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

20.06.2025. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг 120 йиллиги муносабати билан Навоий вилояти Кенгаши томонидан “Менинг ҳаётимда касаба уюшмаларининг ўрни” мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Ушбу тадбирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги йўналиши талабалари, Федерациянинг вилоят Кенгаши ходимлари иштирок этдилар.

Семинарни вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева очиб, янги Ўзбекистонда касаба уюшмалари эркин ва кенг кўламли фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилгани, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик янги босқичга кўтарилгани ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинаётгани ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, тадбирда касаба уюшмалари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

– Фаолиятимиз давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилафрўз Ўразова. – Бу, айниқса, ёш авлодни касаба уюшмалари тизимига жалб қилиш, ижтимоий-сиёсий кўникмаларини мустаҳкамлашда яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги семинар ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди.

Таъкидланганидек, юртимизда меҳнат муҳофазасини тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар яратилган. Ушбу ҳужжатларга риоя этишда ижтимоий шерикчиликнинг аҳамияти йил сайин ортиб бормоқда.

Семинар доирасида мутахассислар томонидан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш, касб касалликларининг олдини олиш, касалликка чалинганларга ногиронлик гуруҳини белгиловчи мезонлар, шунингдек меҳнат лаёқатини йўқотиш даражасини баҳолаш усуллари ҳақида маълумотлар берилди.

– Бугунги тадбирда касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ва бошланғич ташкилотлари аҳоли бандлигини таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид масалаларда фаол иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини билиб олдик, – деди университет талабаси Асадбек Юсупов. – Шунингдек, тадбирда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатлар, ҳар икки томоннинг мажбурият ва бурчлари ҳақида ҳам батафсил маълумот олдик. Бу эса келгусида ишга жойлашганимизда, шубҳасиз, фойда беради.

Тадбир якунида ёшлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши фаолияти билан яқиндан танишдилар.