14.11.2025. Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг молиявий кўмагида, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Ўзбекистондаги “БМТ Хотин-қизлар” тузилмаси билан яқин ҳамкорликда «Ўзбекистонда углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтиш бўйича гендерга йўналтирилган ва адолатли йўл харитасини ишлаб чиқиш» лойиҳаси доирасида техник давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири маслаҳатчиси С. Қурбонов, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши масъул ходимлари, Оила ва хотин-қизлар ишлари қўмитаси, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотлари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “БМТ Хотин-қизлар” тузилмаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий энергетика компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг углерод-нейтрал иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиши ва иссиқхона газлари чиқиндисини нол даражага етказишга қаратилган гендерга йўналтирилган ва адолатли йўл харитасини ишлаб чиқишга кўмаклашишни мақсад қилган лойиҳанинг дастлабки таҳлил натижалари ҳамда йўл харитасини ишлаб чиқиш жараёни тақдим этилди.
Иштирокчилар ҳужжатга жорий этилиши мумкин бўлган амалий ва самарали воситалар ҳамда механизмларни муҳокама қилиб, улар орқали гендер тенглиги ва инклюзив иқлим ҳаракатларини илгари суриш масалаларига эътибор қаратдилар.
Муҳокамаларда ташаббусларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш усуллари, шунингдек эришилган натижалар барқарорлигини таъминлаш чоралари бўйича таклифлар илгари сурилди.
Шу билан бирга, иштирокчилар энергетика соҳасида гендер масалаларини интеграция қилиш тажрибаси билан ўртоқлашиб, мавжуд муаммолар ва муваффақиятли амалиётларни муҳокама қилдилар ҳамда йўл харитасини кейинги босқичларда самарали амалга ошириш учун манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш йўлларини белгилаб олдилар.
Давра суҳбатида тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш. Курбанов “яшил ўтиш” жараёнида муносиб иш ўринларини яратиш, инсон салоҳиятини ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш имконияти сифатида кўрилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг таъкидига кўра, “яшил” ва углерод-нейтрал иқтисодиётга ўтишга қаратилган ислоҳотлар фақат техник ёки иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиш билан чекланиб қолмасдан, ижтимоий адолат, гендер тенглик ва ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига таянишни ҳам талаб қилади. Фақат шундай ёндашув орқали бундай ислоҳотлар ҳақиқатан ҳам адолатли, инклюзив бўлиб, меҳнаткашлар ҳаёт сифатини оширишга ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский