09.12.2025. Ҳар йили 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Айни шу мақсадда “Меҳр-мурувват ойлиги” ўтказилиб, ижтимоий ҳимоя йўналишида чора-тадбирлар асосида ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тизимдаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ҳам “Меҳр-мурувват ойлиги” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, ҳомийлик ишлари ва спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Жумладан, тармоқ тизимидаги “Қўнғирод сода заводи” МЧЖ ҚК раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйига 900 кг картошка, 600 кг пиёз, 600 кг сабзи ва 900 кг гуруч маҳсулотлари берилди. Шунингдек, Қўнғирод туманида яшовчи 20 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга 600 кг картошка, 400 кг пиёз, 400 кг сабзи ва 600 кг гуруч маҳсулотлари тарқатилди.
Шундай тадбирлардан яна бири — “Ammofos-Makham” касаба уюшмаси қўмитаси томонидан Олмалиқ шаҳар 6-сонли алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослашган ёрдам мактаби билан ҳамкорликда байрам дастури ўтказилди.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан мактаб тарбияланувчиларига “Туркистон” саройида ташкил этиладиган Янги йил байрам дастурига беғараз чипталар олиб берилди.
Ушбу кунни нишонлашдан асосий мақсадлардан бири — бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётида тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини таъминлаш, уларнинг манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ҳамда барча учун очиқ ва дўстона жамият қуришдан иборатдир.
Тадбирда болажонларнинг саҳнавий чиқишлари, жумладан рақслари, барчага янада хурсандчилик улашди. Ташкилотчилар томонидан мактабга фойдаланиш учун эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тармоқ тизимидаги “Navoiyazot” АЖ корхонасида ҳам касаба уюшмаси қўмитаси фаоллари томонидан Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз пенсионерлар ҳолидан хабар олинди.
Хайрли ташаббус доирасида оилалар вакилларига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Dehqonobod kaliy zavodi” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда корхона масъуллари томонидан “Имконияти чекланган фуқаролар — доимо эътиборимизда” шиори остида ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи пенсионерлар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир давомида уларнинг турмуш шароитлари ўрганилди, мурожаатлари тингланди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, корхона томонидан меҳр-оқибат рамзи сифатида озиқ-овқат тўпламлари топширилди.
Шунингдек, “Dehqonobod kaliy zavodi” АЖ ходимлари ўртасида бир қатор спорт мусобақалари ташкил этилди. Жумладан, эркаклар ўртасида дартс, хотин-қизлар ўртасида эса шашка мусобақалари ўтказилди.
Мусобақада фаол иштирок этган барча ғолиблар жамият касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Шавкат Тоиров
Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский