04.01.2016. Ҳарбий Содиқжон Усмоновнинг шижоати, матонати, Ватан тинчлиги, эл осойишталигини барча нарсадан, ҳатто ўз ҳаётидан ҳам устун билишини ҳамкасблари, дўстлари, яқин-биродарлари ғоят катта ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга оладилар. Ёш бўлса-да, ватанпарварлиги, унинг фидойилигини барча учун ўрнак билиб, шундай фарзандни камолга етказган ота-онасига раҳматлар айтадилар.
Ватан тинчлиги учун жонини аямаган ўғлон пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги маҳаллалардан бирида истиқомат қилган эди. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан у яшаган хонадонга касаба уюшмаси фаолларининг бир гуруҳи ташриф буюрганида фарзандидан бевақт жудо бўлган ота-онанинг кўкси тоғлар қадар юксалди.
Президентимизнинг 2015 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу байрамни кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Барча жойларда бўлгани каби Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, ижтимоий акциялар ташкил этилмоқда.
Юртимизнинг турли ҳудудларида муваффақиятли ўтказилаётган “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган 270 нафар ҳарбий хизматчилар оиласига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш, улар фарзандларига Янги йил совғаларини ҳадя этиш, ҳарбий аёлларни рағбатлантириш, ҳарбий қисмларда маънавий-маърифий учрашувларни юқори савияда, байрамона кайфиятда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унинг доирасида хизмат вазифасини бажаришда ҳалок бўлган бир қатор ҳарбий хизматчилар оиласидан хабар олиниб, ватанпарвар, мард ўғлонларни тарбиялаган ота-оналарига миннатдорлик билдирилди.
– Ўғлим Баҳром ички ишлар тизимида хизмат қилар эди, – дейди Юнусобод туманида истиқомат қилувчи Улуғбек Эргашев. – Болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қилар эди. Юртимизда ёшлар учун яратилган барча шароит ва имкониятлар самарасида, ўғлим ўз ҳаёт йўлини Ватан ҳимояси, эл-юрт тинчлиги билан уйғун кўрди. Мен ўз юртига садоқатли фарзандни вояга етказганимдан, ўғлимнинг порлоқ хотираси кенг жамоатчилик, дўстлари ва яқинлари, ўқувчи-ёшларнинг ҳамон ёдида эканидан ғоят ҳаяжондаман.
Акция доирасида ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига манзилли моддий ёрдам, фарзандларига янги йил байрами совғалари топширилди. Бундай тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.