15.01.2016. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Навоий вилоятида ташкил этилган тадбирда Ватан ҳимоячилари куни байрами нафақат ҳарбий хизматчилар, балки Қуролли Кучлар сафида муқаддас бурчини ўтаб қайтган ва хизматга боришга шайланаётган минг-минглаб мард, навқирон йигитларнинг, уларни ўзларининг дуолари билан қўллаб-қувватлаётган отахону-онахонларнинг, сирасини айтганда халқимизнинг энг азиз байрамларидан бирига айланиб улгургани алоҳида таъкидланди.
“Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда Навоий вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ҳарбий хизматчилар учун “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” номли маданий-маърифий дастур намойиш этилди.
– Тадбирга хизмат бурчини аъло даражада бажараётган аскарлар, илғор ҳарбий аёллар, Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида жонини фидо этган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари таклиф этилди, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Норимхол Нурмонова. – “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига манзилли моддий ёрдам кўрсатилди. 10 нафар илғор ҳарбий аёлларга қимматбаҳо совғалар, вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирига ноутбук тақдим этилди.
Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари томонидан ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда учрашув ва давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди. Хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига ташрифлар уюштирилиб, улар ўқиган мактабларда маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Айни кунларда республикамиз ҳудудларида “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси давом этмоқда.