12.08.2016. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Республикамиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли равишда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан “Ховос Дон” акциядорлик жамияти меҳнат жамоасида ташкил этилган “Ким эдигу, ким бўлдик?” мавзусидаги “Маънавият соати” ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Тадбирда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши мутахассислари, вилоят драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адҳам Абдуллаев, Ховос тумани нотариал идораси нотариуси Шириной Қаршиева ҳамда туман ФҲДЁ бўлими мудираси Хадича Аслановалар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўтган 25 йил давомида мамлакатимизда эришилган ютуқлар, юртимиздаги барқарор тинчлик-хотиржамлик, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ривожига қўшаётган ҳиссалари ҳақида гапирдилар.
Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
–Маънавият соати биз учун жуда мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтди,- деди “Ховос Дон” акциядорлик жамияти ишчиси Хусан Вафоев. – Ҳақиқатан ҳам жаннатмонанд, тинч ва озод юртимизда барчамизнинг қалбимизда шукроналик ҳисси, юрагимиз эса фахр-ифтихорга тўлган.
Тадбир сўнгида санъаткорларнинг чиқишлари барчани янада хушнуд этди.