[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.08.2016. “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги байрамолди тантаналари кўлами кенгайиб бораётир. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқандда ташкил этилган маданий-маънавий тадбир ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Жомбой туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасидаги тадбирга Булунғур ва Жомбой туманларида истиқомат қилаётган эллик нафардан зиёд боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оила аёллари таклиф этилди. Мусиқа мактабининг ҳаваскорлар бадиий жамоаси ижросидаги концерт дастури кечани бошлаб берди.

— Келажагимиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг барча шароитларга эга мусиқа мактабларида таҳсил олиши қалбимизни ғурурга тўлдиради, — дейди булунғурлик Ойдин Шукурова. — Биз туманнинг чекка қишлоқларидан бирида истиқомат қиламиз. Қишлоғимизда замонавий мактаб қурилган. Болаларимиз ёруғ, кенг ва шинам хоналарда таҳсил олишади. Уларга яратилган шароитларни кўриб, бир пайтлар биз учун қўл етмас бўлган бахт болаларимизга насиб этганидан чексиз қувончга тўламиз.

— Мазкур таълим маскани концерт зали менга жуда манзур бўлди, — дейди жомбойлик Замира Ўсарова. — Ўзимни худди катта шаҳардаги санъат кошонасида ўтиргандек ҳис қилдим. Гапнинг очиғи, бу даргоҳнинг завқи- шавқига берилиб, саҳнада  мириқиб рақсга тушдим.

Тадбирнинг тантанали қисмида сўз олган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва натижалари, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган ютуқларимиз хусусида йиғилганларга сўзлаб берди.

Ҳукуматимиз томонидан изчил амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмалари ҳам муносиб улуш қўшиб келаётир. “Касаба уюшмалари — фахрийларга”, “Касаба уюшмалари – ёшларга”, “Касаба уюшмалари — ҳарбийларга” каби қатор ижтимоий акциялар ўтказилмоқда. “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси доирасидаги қатор тадбирлар орқали қишлоқ аёлларининг уй юмушларини енгиллатишга кўмаклашилмоқда. Мана, қатор йиллардирки, истиқлол байрами арафасида эҳтиёжманд қишлоқ аёлларини уй-рўзғорда асқотадиган маиший техника воситалари билан таъминлаш анъана тусини олди. Бу йил ҳам биргина Самарқанд вилоятининг чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган 367 нафар аёл касаба уюшмалари томонидан байрам туҳфаси сифатида кир ювиш машинаси, чангютгич, микротўлқинли печлар, электр духовкаси каби рўзғорда асқотадиган замонавий маиший техникаларни қабул қилиб олдилар.

— Оилада тўкинчилик бўлса, аёл кундан-кун яшаради, — дейди булунғурлик Дилфуза Суюнова. — Касаба уюшмаларининг  эътиборидан кўнглимиз тоғдек ўсди. Менга кир ювиш машинаси совға қилишди. Бундай анжом ҳар қандай аёлнинг уй юмушларида зарур восита.

Халқимиз Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этишда ўз жонини фидо қилган мард ўғлонлар хотирасини доим ёдда сақлайди. Касаба уюшмалари тадбирида  хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган     18 нафар ҳарбий хизматчи оиласига ҳам кўмак кўрсатилди.

— Шарафли бурчни болаларимиз қон-қонига сингдириш ҳар бир онанинг вазифаси,  — дейди марҳум аскар Махмуджон Ражабовнинг онаси Шакарбону Ғофурова. — Ўғлимиздан эрта жудо бўлсак-да, унинг хизмати халқимизга асқотганидан мамнунмиз. Ўғлимиз тимсолида меҳр-эътиборни кўраяпмиз.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, камхарж оилаларнинг иқтидорли фарзандларини  қўллаб-қувватлаш жамоат ташкилоти томонидан муттасил амалга ошириб келинаётир. Байрам арафасида вилоят коллежларида таълим олаётган 33 нафар ўқувчиси касаба уюшмалари стипендиясига сазовор бўлди. Жомбой иқтисод ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Гулноза Мамадалиева нафақат ўқишда, балки спортда ҳам кўплаб ютуқларга эришиб келмоқда. Бу иқтидорли қиз ва унинг тенгдошлари тантанали равишда рағбатлантирилди.

Тадбир қатнашчилари қатор халқаро танловлар ғолиби бўлган жомбойлик ёш санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастуридан баҳраманд бўлишди.