02.12.2016. Нукус халқаро аэропорти Давлат шўъба кархонаси маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси 320 нафар аэропорт ходимларини ижтимоий ҳимоясини қамраб олган.
Ушбу шартномада ходимларни ижтимоий ҳимоялаш ва моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.
Жорий йилда, аэропорт касаба уюшмаси қўмитаси томонидан маданий-маърифий, жисмоний тарбия, спорт мусобақалари ва кўрик-танловлар, мамлакатимиздаги тарихий шаҳарлар, обидаларга саёҳатлар уюштирилди. Жумладан, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг ташкил этилганлигининг 24 йиллиги муносабати билан «Авиация кеча, бугун, эртага» кўрик-танлови ўтказилди, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича сайланган вакилларга гувоҳномалар топширилди.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида аэропортда ишловчи ходимларнинг фарзандлари учун Хўжайли туманидаги «Миздаххон» тарихий обидасига саёҳат уюштирилди.
Аэропорт касаба уюшмаси кенгаши томонидан ходимларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш мақсадида 7 нафар ходимга «Турон» ва «Чинобод» санаторийларига йўлланмалар берилган.
Жорий йилда 1 октябрь «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» муносабати билан аввал корхонада ишлаб, ҳозирги кунда нафақада қариялик гаштини сураётган 24 нафар отахон ва онахонларнинг қадимий Хива шаҳрига саёҳати ташкиллаштирилган.
«Нукус халқаро аэропорти» давлат шўъба кархонаси жамоа шартномасида айниқса ёшларга қатор имтиёзлар берилган.
Хусусан, Ёшлар кенгаши тузилиб, ёшларнинг ўз маҳоратларини ошириш бўйича турли кўрик-танловлар мунтазам ўтказилмоқда. Олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларга иш ҳақи сақланган ҳолда таътил берилаяпти. Жумладан, 13 нафар ёш ходимларнинг ўқув-машғулот марказида таълим олиши учун 3 миллион 665 минг сўм маблағ ажратилди.
4 нафар ёш оилали авиоходимларга соғлиғини тиклаш мақсадида 2016 йилда 4 миллион 297 минг 900 сўм ижтимоий кўмак берилган. Аэропорт ёшларини меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш дастурлари ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда, шунингдек, маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилган, ёшларнинг бўш вақтларидан оқилона фойдаланиш учун барча шароитлар яратилган.