23.02.2017. Касаба уюшмалари ташкилотлари ҳар кунги фаолиятида дуч келаётган масалаларнинг самарали ҳал қилиниши кўп жиҳатдан касаба уюшмалари етакчилари ҳамда фаолларининг профессионал тайёргарлиги, билимлари даражасига, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий ҳамкорлар билан мулоқот олиб бориш қобилиятларига боғлиқ.
Шундан келиб чиққан ҳолда, сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида кадрлар ва фаоллар ўқувини ташкил этиш, уларнинг малакасини ошириш соҳасида аниқ мақсадларга йўналтирилган ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий Бюроси техник кўмагида “Касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерларини тайёрлаш” лойиҳаси доирасида касаба уюшмалари кадрлари учун 2015-2016 йиллар давомида 4 та ўқув-семинари ташкил этилди. Лойиҳа доирасидаги семинарларда иштирокчилар ўқув машғулотларини замонавий ва интерфаол усулда ташкил қилиш тамойиллари ва бу борада мавжуд амалиёт, кичик гуруҳларда ишлаш усуллари ва шакллари, ўқувларда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, касаба уюшмалари кадрларини масофавий ўқитиш методикаси, ўқитиш жараёнида юзага келган муаммолар ечимини топиш юзасидан назарий ва амалий билим ҳамда кўникмаларини оширдилар.
Шунингдек, тингловчилар томонидан семинарларда олинган билимлар ва кўникмалар асосида касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда 12 та мавзу бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди, жойларда бошланғич касаба уюшмалари кадрлари ва фаоллари учун турли мавзуларда ўқув машғулотлар ўтказилди.
Иштирокчиларнинг лойиҳа доирасидаги семинарларда олган билимларини синовдан ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 13-17 февраль кунлари якуний семинар- тренинглар ўтказилди.
Якуний семинарда иштирокчиларнинг лойиҳа доирасида олган билимлари, уларнинг замонавий ва интерфаол усулларда машғулотларни ўтиш кўникмалари махсус комиссия томонидан таҳлил қилиниб, уларга мазкур курсни муваффақиятли ўтганлиги ва касаба уюшмаси ўқитувчи-тренери мавқеи берилганлиги тўғрисида махсус сертификатлар топширилди.
Маълумки, 2016 йилда касаба уюшмалари кадрлари ва фаолларини ўқувлар билан янада кенгроқ қамраб олиш, жойлардаги жамоатчилик асосида фаолият юритаётган касаба уюшмалари кадрларини ҳам ўқувларга кенг жалб этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бирлашмалари қошида ўқув аудиториялари ташкил этилган эди.
“Касаба уюшмалари ўқитувчи-тренерларини тайёрлаш” лойиҳаси якуни бўйича ўқитувчи-тренер мавқеи берилган фаоллар айнан ушбу ўқув аудиторияларида ҳамда Ўқув марказида ташкил этиладиган малака ошириш курсларида машғулотлар ташкил қилишга кенг жалб этилади.
Бундан ташқари, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун минтақавий Бюроси билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги ишларни 2017 йилда ҳам давом эттириш режалаштирилмоқда.