[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.07.2017. НКМК Шимолий кон бошқармасига қарашли «Сармиш» соғломлаштириш оромгоҳи тоғ бағрида жойлашган. Бу ерда дам олувчи болажонларга ёзни мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Спорт майдон­часи, сузиш ҳавзаси, кутубхона улар хизматида. Оромгоҳ ҳудудидан тиниқ сувли сой оқиб ўтади. Бир сўз билан айтганда, «Сар­миш»ни кезаркансиз, соя-сал­қин, сердарахт бу масканда ўғил-қизларнинг яйраб ҳордиқ чиқаришига амин бўласиз.

— «Сармиш» уч навбатда болажонларни қабул қилади, — дейди оромгоҳ раҳбари Маҳ­буба Умарова. — Биринчи навбатда 734 нафар ўғил-қиз дам олди. Болажон­лар кунига беш маҳал овқатла­ни­шади. Тўгаракларда ўзлари қизиққан йўналиш бўйича шу­ғул­ланади. Сар­миш­сой тарихидан ҳикоя қи­лувчи музейимиз, маънавият хоналаримиз мавжуд. Болалар бу ерга исталган вақт­да кириб, билимларини бойи­тиш имко­нига эга. Дам олувчилар турли танлов ва тадбирларда фаол қатна­шади. Улар юзидаги қувончни кўрганда, меҳнатимиз бесамар кетмаётганидан хур­санд бў­ламиз.

Расм чизиш, ҳайкал­тарошлик, «Моҳир қўллар», «Инглиз тилини ўрганамиз» тўгараклари ҳамиша гавжум. «Моҳир қўллар» тўгараги раҳбари Дило­ром Ҳусенованинг таъкид­лашича, қатнашувчиларнинг тасаввур олами жуда кенг. Улар бисерда тўқиган табиат, ҳай­вонот дунёси манзаралари чиройли, болаларча ёндашув билан яратилгани сабаб эъти­борингизни тортади.

— «Сармиш»га иккинчи мар­та келишим, — дейди Учқудуқ туманидаги 18-умумий ўрта таълим мак­та­би ўқувчиси Маржона Қаҳра­монова. — Бу ерда кўплаб дўст­лар орттирдим. Азиза, Аяжан, Жасми­на билан бисер тикишни ўргандик. Спорт мусобақаларида қатнашамиз. Оромгоҳ менга жуда ёқди.

— Бўш вақтимда китоб ўқиш­ни яхши кўраман, — дейди учқудуқлик яна бир ўқувчи Оғабек Исроилов. — Катта кутубхона бор. Тез-тез шу ерга кириб, тарихий мав­зудаги асарларни ўқийман. Яқинда «Широқ» асарини ўқиб чиқдим. Широқнинг ватанпар­варлиги, мард ва жасурлигига ҳавасим келди. Келажакда мен ҳам юртга содиқ инсон бўлишга аҳд қилдим. Бу асар ҳақида ўртоқларимга ҳи­коя қилиб бердим. Улар ҳам бу китобни ўқишмоқчи.

«Сармиш»да Оғабек сингари юзлаб ўқувчиларнинг кунлари шундай мазмунли ўтаётир. Бундан ташқари, бо­лажонлар компютерлашти­рилган инглиз тили тўгарагида  ҳам ҳар куни янги сўзлар ўрга­нишади, бир-бирларига ўрга­ти­шади. Қўлда ясалган ҳай­кал­тарошлик намуналари эса гар­чи содда, оддий бўлишига қа­рамай, болаларнинг орзу-ниятларини мужассам этгани билан гўзал.

— Дастлаб пластилин­дан турли шакллар, кейинчалик гилдан ҳайкалчалар ясашни ўргандик, — дейди биз билан суҳбатда тўгарак аъзо­си Дос­тон Аъзамов. — Устозимиз Дилдора опа Ка­римова ишла­ри­миздан хурсанд бўлади, камчиликлари­миз­ни кўрсата­ди. Ясаган ҳай­калчалари­миз­ни оромгоҳда бў­либ ўта­диган кўргазмага олиб чиқиш ниятидамиз.

Дарвоқе, оромгоҳда ҳар мав­сумда болаларнинг қўлда яса­ган ижодий ишларидан катта кўргазма уюштирилади. Унда болалар мавсум давомида фаол­ликлари сабаб қўлга ки­ритган «сармишинка» пули би­лан қатнашиб, ўзларига ёққан расм, ҳайкалча­лардан эсдаликка харид қилишади. Бу уларнинг яқинларига совғаси бўлади. Ҳар гал бола­жонлар «Сармиш»дан уйларига мана шундай ажойиб туҳфа, энг муҳими, унутилмас таассурот билан қайтишади.