03.08.2017. Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёзги соғломлаштириш мавсуми мароқли ўтиши учун бор имкониятни ишга солган бўлиб, 27 минг 760 нафар бола шаҳар ташқарисидаги 25 та стационар оромгоҳда дам олдирилаётир. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси меҳнаткашларининг фарзандларидан 1700 нафари соғломлаштирилмоқда.
Оромгоҳларда ташкил этилган тўгараклар фаолиятидан болалар мамнун. Айниқса, чет тилини ўргатиш бўйича тўгарак машғулотларини малакали мутахассислар олиб бораётгани ўз самарасини бераётир. «Мустақиллик менинг тақдиримда» ва «Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати» мавзуидаги маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, адабиёт ва санъат намояндалари, таниқли спортчилар билан учрашувлар дам олувчи болаларга кўтаринки кайфият бағишламоқда. Яна бир муҳим жиҳат, бу мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қўлга киритилган натижаларни акс эттирган «Бу менинг Ватаним!» мавзуидаги расмлар танловлари бўлиб, болаларда келажакка интилиш, она юртдан фахрланиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш кўникмаларини оширишга йўналтирилган тадбирлар барча оромгоҳларда ўтказилиб келинмоқда.
***
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Наманган вилояти ташкилотларининг Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимларнинг 100 нафар фарзанди «Чуст Баркамол авлод» болалар оромгоҳида дам олиб қайтди. Чуст тумани Оғасарой қишлоғида жойлашган ушбу сўлим масканда дам олиш кўнгилдагидек ўтганини болажонларнинг самимий дил сўзларидан англаш мумкин.
— Бизга шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, — дейди дам олувчи Маржона Шербоева.
Бирлашган қўмита фаоллари 100 нафар болани ота-оналарига топшириб, тармоқ ходимларининг яна 50 нафар фарзандини Янгиқўрғон туманидаги Мамай қишлоғида жойлашган «Камалак» болалар оромгоҳига 3-навбатда дам олиш учун кузатиб қўйдилар.
Тоғ ён бағрига жойлашган ушбу маскан сўлим табиати билан ўзига хос тароватга эга.
— Уч йилдан буён ушбу дам олиш масканида ёзги таътилимни мароқли ўтказиш учун келаман, — дейди Мингбулоқ туманидан ташриф буюрган Феруза Тўхтасинова. — Ёзни жуда яхши кўраман, чунки бу фаслда «Камалак»ка келаман-да.
Болалар қўшиб-чатишни билмайди. Улар «Камалак»ка интилаётган, ота-оналар ҳам бу ерда болалари учун яратилган шароитлардан мамнун экан, бунинг боисини дам олиш масканидан излаш керак.