03.08.2017. Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Республика кенгаши томонидан Қашқадарё вилоятидаги тармоқ касаба уюшмаси тасарруфидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи-ходимлари вакиллари билан сайёр қабул ўтказилди.
Йиғилишда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ўктам Турғунов «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик» шиори остида ўтказилган Форумда қабул қилинган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тўхталди.
Шундан сўнг сайёр қабул қатнашчилари кундалик турмушларида учраётган муаммоли масалалар юзасидан ўз саволларига жавоб олди.
Жумладан, Қарши транспорт касб-ҳунар коллежи касаба уюшма қўмитаси раиси Насиба Рўзиева «Аёллар 54 ёшда иш стажининг 20 йилдан ошганлиги муносабати билан пенсияга чиқиш учун ҳужжатларини расмийлаштириши мумкин. Шу ҳолатда иш берувчи ташаббуси билан шу ходим ўртасида меҳнат шартномасини бекор қилиниши мумкинми?» деб савол берди.
Жавоб қуйидагича бўлди: Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига биноан аёлларнинг ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи 55 ёш қилиб белгиланганлиги сабабли аёл ёшга доир эмас, балки қонуннинг 121-моддасига кўра умумий белгиланган ёшни бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига биноан 54 ёшда пенсияга чиқиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида»ги 12-сонли қарорининг 40-1-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасига биноан, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига: аёллар — 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар. Демак, иш берувчи ташаббуси билан 54 ёшга кирган аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.
«Санжар капитал қурилиш» хусусий корхонаси касаба уюшма қўмитаси раиси Б.Холиқулов «бошланғич касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан санаторийларга бериладиган йўлланмаларини олиш учун маблағ етмаган тақдирда йўлланмани қандай тартибда олса бўлади?», деб мурожаат қилди.
Корхонанинг жамоа шартномасида ишчи-ходимларни соғломлаштириш бандида мазкур йўналишда маблағ ажратилган тақдирда корхона ҳисобидан ишчи-ходимларнинг санаторийлар учун йўлланма олиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, сайёр йиғилишда Қашқадарё Автомобил ўқув ишлаб чиқариш комбинати касаба уюшма қўмитаси раиси Т.Янгибоев, Китоб қурилиш ва хизмат кўрсатиш коллежи касаба уюшма қўмитаси раиси С.Азизов, Қарши шаҳридаги «Паҳлавон» хусусий фирмасидан Б.Холиқулов ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида қизиқтирган саволларига жавоб олишди.