[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.10.2017. Мамлакатимизда бўлган каби Фарғона вилоятида ҳам ҳар бир хонадонда аҳоли билан бевосита мулоқот олиб борилган ҳолда мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Хусусан, касаба уюшма фаоллари маҳалла фуқаролар йиғинлари, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш натижасида 10 мингга яқин хонадоннинг ечилмаётган муаммоларини аниқлашди. Уларни бартараф этишда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланди.

Жойлардаги ишчи гуруҳлар томонидан вилоят бўйича 730 минг 628 та оилада, 482 та корхона, ташкилот ва муассасада ҳамда 1746 та таълим масканида мулоқот уюштирилди. Натижада, 15 минг 535 та муаммо аниқланиб, шундан 9 минг 282 таси жойида, 5 минг 667 таси маҳаллалар кесимида ҳал этилди. Муаммоларнинг 546 таси туман (шаҳар) дастурларига киритилиб, 40 таси вилоят даражасида ҳал этилиши режалаштирилган бўлса, 4 таси республика даражасида ҳал этилиши белгиланди.

Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон туманидаги маҳаллаларда паррандачиликни ташкил этиш, аҳоли томор­қаларидан самарали фойдаланиш орқали лимон, ёнғоқ ва бош­қа мевали кўчатлар, полиз экинларини экиш ҳамда иссиқхоналарни ташкил этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, вилоят ҳокимлиги, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ҳамда қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг апрел ва май ойларида вилоятимиз миқёсида ижтимоий ҳимояталаб оилалар ва «Меҳрибонлик» уйларидан бўлган 13 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 206 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилди.

Мазкур хайрия тадбирларидан кўзланган мақсад қишлоқ туманларида истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш ва турмуш фаровонлигини ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшишдир. Кенг қулоч ёйган тадбирларда ҳар бир фуқаро давлатимиз эътиборида эканлигини намоён этди.

Никоҳ тўйи ўтказилган ёш оилаларга ётоқ мебеллари тўплами ҳамда келин-куёвлар учун сарпо кийимлари, суннат тўйи ўтказилаётган ҳар бир болажонга «Халқ банки»да алоҳида ҳисоб очилиб, 1 млн. сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари ва китоблар, велосипедлар, сарпо кийимлари тақдим этилди.

Муаммо ва таклифларни ўрганиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида бирлашма кенгаши раисининг сайёр қабуллари ташкил этилди. Шаҳар ва туманлардаги сайёр қабулларда жами 194 та мурожаат қабул қилиниб, 110 таси бўйича тегишли тушунчалар берилган бўлса, 84 та мурожаат бирлашма кенгаши вакиллари томонидан ўрганилиб, тегишли тартибда ҳал этилиши таъминланди.

Ўтган давр мобайнида бирлашма кенгашига 161 та ёзма, 33 та оғзаки, 23 та электрон, 26 та «Ишонч телефони»га мурожаатлар келиб тушган. Улар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилган.

Мурожаатлар билан ишлаш натижасида ходимларга жами 575 959 95 сўм миқдорда мажбуран прогул кунлари учун иш ҳақлари, ўз муддатида тўланмаган иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар, соғлиғига етказилган зарар учун тўловлар ундириб берилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўмак бериш мақсадида бирлашма масъул ходимлари жойларда ҳокимликлар, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармаси вакиллари билан биргаликда кам таъминланган оилаларнинг моддий ёрдамга эҳтиёж ва талаблари ўрганиб чиқилди.

Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида чекка қишлоқларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга 215 та электр-маиший техника жиҳози тарқатилди. Олий таълим муассасаларидаги эҳтиёжманд 10 нафар талабага касаба уюшмаси стипендияси ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган 5 нафар ҳарбийларнинг оиласига моддий ёрдам берилди.

Наврўз байрами муносабати билан касаба уюшмаларининг «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» акция­си доирасида 3409 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож қария ва ногиронлар, ишламайдиган пенсионер ва фахрийларга дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда моддий ёрдам учун 214 млн. сўм сарф­ланди.

Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларининг 14 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга кийим-бош совға қилинди. Шунингдек, тўрт нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ногиронига ногиронлик аравачалари топширилди.

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам ижтимоий шериклик орқали қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Касаба уюшма фаоллари томонидан иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан жамоатчилик назорати асосида текширишлар ўтказилиб, кўрилган чоралар натижасида муддати ўтган иш ҳақлари ундириб берилди.

Икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга 32 млн. 679 минг сўм тўланди. Шунингдек, 12 та корхонада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 12 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари, дарс­ликлар харид қилинган бўлса, 82 та корхонада ходимларнинг 124 нафар ўғил-қизига чет тилларни ўрганишда кўмаклашилди. Нодавлат мулк шаклидаги 129 та корхонада меҳнат қилаётган 155 нафар болали аёлга эса ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди. 1221 та корхонада кам таъминланган ёш оилалар вакиллари бўлган 2427 нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган меҳнаткашлар ўртасида спортнинг стол тенниси, волейбол, шашка, шахмат, бадминтон, сузиш турлари бўйича «Спорт — саломатлик гарови» шиори остида спартакиада ўтказилди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларни спортнинг оммавий турларига кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи орқали муҳофаза қилиш мақсадида  «Саломатлик сари» югуриш марафони ўтказилди. Унда 1200 нафар касаба уюшма аъзоси иштирок этди. ўолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Тўйчивой САРИМСОҚОВ,

Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси